Мақолалар

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Ҳанафийлар наздида хиёри мажлис ҳадиси – 4 қисм

Айтиб ўтилганидек, гоҳида Имом Абу Ҳанифа айтган баъзи масала зоҳиридан ҳадисга зид кўринади. Ушбу зидликни кетказиш учун ҳанафий уламоларнинг ҳадисни таъвил қилишлари натижасида бошқалар Имомнинг мазкур ҳадисга амал қилмаганини айтишади. Аслида эса Имом у ҳадисга амални тарк этмаган, балки унга бошқача ёндошган бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисни мисол сифатида келтирсак:

Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки савдо қилувчи модомики ажралиб кетмаса, ихтиёрлидир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳанафий уламолар айтишадики, Имом Абу Ҳанифа ҳадисдаги “модомики ажралиб кетмаса” иборани “сотувчи ва харидор модомики сўзда ажралмаса, яъни улар ўртасида бўлиб турган савдо ҳақидаги суҳбат бошқа мавзуга ўзгариб кетмаса”, деган маънога бурган. Энди бу вақтда ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: “сотувчи ва харидор савдолашаётган жойларидан нари кетмаган, шунингдек, суҳбат мавзуси ҳам ўзгармаган, яъни олди-сотдилари ҳақида давом этиб турибди, ҳали тугал бўлмаган. Бу пайтда икки тарафдан ҳар бирида битим таклифидан қайтиш ихтиёри бор.

Бошқалар эса буни ҳақиқатдан узоқ деб, жавобдан қаноатланмаган ва бу қарашни рад этишга уринган. Чунки уларнинг наздида ҳадис икки савдолашувчи савдони тугал қилганларидан кейин ҳали жойларидан қўзғалиб кетмаган бўлсалар, савдони бузишга ихтиёрлидирлар, деган маънони англатади.

Агар эргашувчилар томонидан айтилган ҳадисни юқоридаги каби маънони англатиши заиф бўлса, бу билан мужтаҳиднинг мазҳаби ҳам заифлиги келиб чиқмайди. Балки, ҳадисдан тепадагидан бироз бошқачароқ маъно тушунилиши ҳам мумкин. Яъни, Имом Абу Ҳанифа ҳадисдаги “ихтиёрлидир” сўзини уларда ихтиёрни қолиши мажбурий эмас, балки савобли мустаҳаб амал, деган. Демак, Имом Абу Ҳанифанинг наздида сотувчи ва харидор ўртасида таклиф ва қабул битимлари тугал бўлгач, бир-биридан ажралиб нари кетмай ҳануз ўша жойда турар экан, уларнинг ихтиёри ўзаро розиликларига кўра ўзларида қолаверади.

Бунинг маъноси шундайки, икки савдолашувчидан ҳар бири савдо тугал бўлгач, ўша жойнинг ўзида савдоси ҳақида яна бир ўйлаб олиши учун шеригига ихтиёр беради. Ўйлаб кўргандан кейин иккисидан қай бирига савдо маъқул келмаса, ўзаро розилик асосида уни бекор қиладилар. Демак, ҳадисда шунга тарғиб қилинган. Бу билан улар мустаҳаб амални бажариб, савобга эга чиққан бўладилар.

Бу ишда мажлиснинг ўзида иқолага, яъни икки тараф розилиги билан битимни бекор қилишга имкон бериш бор. Ушбу кўринишда икки тарафга ҳам шу талаб билан чиқиш ихтиёри берилиши мустаҳаб амалга ундашнинг таъкиди учундир.

Мазкур ҳадиснинг бошқа санад билан Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятида икки савдолашувчи ихтиёрли экани айтилгач, иқолага ҳам тарғиб қилинган. Мана шунинг ўзи юқоридаги маънони қувватлайди.

Яъни, ҳадисда хиёр исботлангач: “Бирор киши ўз шеригининг иқола қилишни сўрашидан қўрқиб ажраб кетиши ҳалол бўлмайди”, дейилган. Ҳадис матнидаги “иқола қилишни сўрашидан қўрқиб” ибораси бу ерда сотувчи ва харидор ўртасида ихтиёр эмас, балки иқола назарда тутилаётганига далилдир. “Ҳалол бўлмайди”, иборасига келсак, унда дастлаб хаёлга келган ҳаромлик эмас, савдо бекор бўлиб қолишидан қўрққанидан кетиб қолмаслик мустаҳаб экани таъкидланмоқда. Бу маъно уламолар ўртасида иттифоқ қилинган. Ана шунда насслар ва саҳобаларнинг сўзлари бир-бирига мувофиқ келади. Шунингдек, “икки тарафнинг ўзаро розилиги асосидаги таклиф ва қабул битимлари ўзгармас бўлиб қолади” деган куллий-умумий асл қоидадан қайсидир масалани ажратиб чиқаришга мажбур бўлинмайди. Бу эса таъна дашномга эмас, Имом Абу Ҳанифанинг мақтовга лойиқ нозик фаҳми самарасидир.

Абдулҳодий Ғиёс,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

 

 
Read 1224 times

Мақолалар

Top