Ўзининг фақат ташқи кўринишини ўйлайдиган, ички дунёсини унутган одамнинг нафси касалдир. Бундай касалликка дучор бўлган одам камтар ва самимий мўмин сифатида кўринишни хоҳлайди, аслида ундай эмас, балки ўзини шундай кўрсатишга ҳаракат қилади, холос.
Муолажа услуби
Агар инсон ўз ички дунёсини гўзал қилиш ҳақида қайғурса, тартиб-интизомга амал қилса, шунда унинг руҳий нури ёришади ва унинг ташқи қиёфаси ҳам гўзаллашади.
Инсоннинг ички дунёси гўзал бўлса, уни ҳар қандай безак ва ҳашаматсиз чиройли қилади. Атрофида таниш-билишлари, яқинлари ва дўст-улфатлари кўп бўлмаса ҳам, кўпчилик одамлар уни ҳурмат қилишади. Зеро, Аллоҳ таоло ички дунёсини ислоҳ қилувчининг ташқи кўринишини ҳам ислоҳ қилиб қўяди.
Ал-Муҳосибий раҳимаҳуллоҳ инсон руҳий оламига бепарво бўлмаслиги ҳақида бундай деган: “Аллоҳнинг ғазабидан сақланинг ва охиратда хор бўлишдан қўрқинг! Аллоҳ таоло олдида қадр-қимматингизни йўқотишдан ва У Зотнинг ибодатларингизни қабул этмай қўйишидан қўрқинг! Инсон ўзига ва қилаётган амалларига Аллоҳ таолонинг муносабатини эътиборга олмаган одамнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қадри йўқ”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси