Мақолалар

Бу амал сабабли: ғам-ташвишлар арийди ва гуноҳлар кечирилади

Аллоҳ таоло ва фаришталар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтадилар.

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 56-оят).

 
Салавот айтинг! Ғам-ташвишларингиз арийди ва гуноҳларингиз кечирилади. Убай ибн Каъб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мен сизга кўп салавот айтаман. Дуойимдан қанчасини сиз учун салавот айтишга ажратай?” деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Истаганигча, дедилар. “Тўртдан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади, дедилар. “Учдан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот: Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади, дедилар. “Иккидан бирини бағишласам-чи?” деди. У зот алайҳиссалом : Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади, дедилар. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Дуоимнинг ҳаммасини сизга бағишласам, нима дейсиз?” деди. У зот: Унда барча ғам-ташвишларинг арийди, мақсадинг ҳосил бўлади ва гуноҳинг кечирилади, дедилар.

 

Салавот айтинг! Бахил бўлмайсиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

 

Салавот айтинг! Дуоингиз қабул бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.

 

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришасиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўласиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Салавот айтинг! Аллоҳ таоло гуноҳингизни мағфират этади, даражангизни кўтаради.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

 

Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни эшитадилар.

Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Соллаллоҳу алайка йаа Расулаллоҳ.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик аъла саййидина Муҳаммад…

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1907 times

Мақолалар

Top