Мақолалар

Аллоҳ кимни яхши кўради?

Тиниқ ойна

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига Абу Жаҳл келиб:

– Бани Ҳошим уруғидаги ҳеч бир одам кў­зимга сендан хунукроқ кўринмайди, – деди.

Расули акрам алайҳиссалом:

– Тўғри айтдинг, – дедилар.

Шу пайт ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу келиб қолди ва:

– Ё Расулуллоҳ, юзингиз қуёшдек ёрқин. Бу оламда сизнинг юзингиздан гўзалроқ юзни кўрмадим, – деди.

Сарвари коинот унга ҳам:

– Тўғри айтдинг, – деб жавоб қайтар­дилар.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламдан бу бир хил жавобнинг ҳикматини сўрашди. Шунда у зот:

– Мен Аллоҳ жилолаган бир ойнаман, менга қараган киши ўзини кўради, – деб жавоб бердилар.

Қалб ва гўзаллик

Ривоят қилишларича, бир подшоҳ Лайлининг унчалик ҳам гўзал эмаслигини кўриб, Қайс унинг нимасига бу қадар шайдо (Мажнун) бўлганига ҳайрон қолганида, вазири: “Шоҳим, сиз Лайлига Қайснинг кўзи билан қарай олмагансиз. Йўқса, бундай демаган бўлардингиз”, деб насиҳат қилади. Демак, гўзалликни кўра билиш учун кишининг қалби салим ва пок бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, ўзининг гуноҳлардан қорайган қалби­ни кўради, холос.

Нима билан машғулсиз?

Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кў­ришини қандай билса бўлади?

Баъзилар Аллоҳ таоло бандани суйи­шини унга берилган бойлик билан ўл­чайди. Баъзилар эса Аллоҳ фақирлар­ни яхши кўради, шу боис уларнинг ҳисо­бини осон қилиш учун кам мол-мулк берган, дейишади.

Уламолар айтадилар: “Нима билан машғул қилиб қўйилгансиз? Шунга қа­раб Аллоҳ сизни яхши кўрадими, йўқ­ми – билиб олаверасиз. Агар жамият­га фойдасиз ишлар билан овуниб юрган бўлсангиз, демак, Аллоҳдан узоқла­шибсиз. Аксинча, хайрли, савобли, икки оламда сиз ва бошқаларга фойдаси тегадиган ишларни қилиб юрган бўлсангиз, унда билингки, Аллоҳ сизни суюкли бандалари қаторига қўшибди.

Навбаҳор тумани “Арабхона катта”

жоме масжиди имом ноиби

Ҳазрат ИСМОИЛ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг

2023 йил 2-сонидан олинди

Read 1470 times

Мақолалар

Top