Мақолалар

Ортга сурманг

Кейинга қолдириш шайтон қўллаган йўл ҳисобланиб, у бу билан мусулмонни йўлдан оздиришни мақсад қилади. Чунки шайтон мўминни диндан воз кечтиролмаслигини, унга намоз ва рўза каби амалларни тарк эттиролмаслигини яхши билиб, ўзининг кейинга қолдиришдек енгил, лекин хатарли услубини ишлатади. Энди мўминнинг қалбига бирор амални бажариш келганда шайтон ўша услуби бўйича ўйнаб, уни амалдан тўхтатади. Айтадики, бугун фалон ва фалон амалларни қилиб улгуришинг керак, бунисини эртага қилақол. Эртасига эса яна бошқа баҳоналар ўйлаб топади. Шу йўсинда ўша амални ҳали келмас эртагача қолдираверади.

Инсон ҳисоб-китоб куни тарозусининг яхши амаллар палласи оғир келишини хоҳлайди. Бунинг учун у нафл намоз ёки садақаларни кўпайтириб, Аллоҳга маҳбуб бўлиш кераклигини ўйлайди. Чунки киши фарзлар мукаммал бўлиши учун нафлларни ҳам бажариш кераклини жуда яхши билади. У шу ҳақида фикр юритиб, нафл ибодатлар ва зикр каби амаллар қилишга ўзида туртки топади. Айни пайтда шайтон келади-да, ҳар хил ҳийла найранглар ишлатиб, унга ўша амалларни кейинга қўйишга кўндиради. Ҳатто, унинг шу ишини оқлайди. Натижада вақтлари беҳуда нарсалар билан ўтиб, бора-бора соғлиги ҳам кетади. Энди эса хоҳласа ҳам, минг уринса ҳам, ўша амалларни бажаришга кучи етмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан бебаҳра қоладилар. Улар соғлик ва бўш вақтдир”, (Имом Бухорий ривояти) деган ҳадислари эса бирор амал хаёлимизга келса, уни бажаришга фурсат топишимиз биланоқ кечиктирмасдан дарров амалга ошириш кераклигини уқтиради. Чунки Аллоҳ таоло яхши амалга шошилишга буюради: “Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У (жаннат) тақводор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир” (Оли Имрон сураси 133-оят).

Демак, яхши амалларга шошилиш керак, уларни кейинга қўймаслик лозим. Балки бундай ишлар учун дунё ишларида бўлгани каби мусобақалашиш яхшидир.

Воридни икром қилсанг, у яна келади

Шайхим раҳматли айтардилар: “Хаёлга келган бирор яхши амалга ворид (келувчи) дейилади. Агар қалбингиз эшигини бирор ворид қоқса ва сиз уни яхши кутиб олиб, ҳурмат изҳор қилсангиз, хоҳишига мос амал билан илтифот кўрсатсангиз, у яна қайта келаверади. Келиб, сизни бошқа яхши амалларга ҳам даъват этади. Аммо акси бўлса-чи? У жуда ориятли меҳмон. Ортига қайтиб кетади-да, ҳаргиз қайтмайди. Кейин эса қалбингизга яхши ва солиҳ амаллар хаёли ҳозир бўлмайдиган бўлиб қолади.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади

Read 1070 times

Мақолалар

Top