Мақолалар

Агар илм талаб қилса, буни сайру саёҳат учун қилади…

(Алданганлар) Агар илм талаб қилса, буни сайру саёҳат учун қилади. Юртларни кезиб, ўз юрти олимларини тарк қилади. Устозларининг исмларини бошқача қилиб айтишни истайди. “Эртага бизга фалончи фалоний ҳадис айтади” деб, бу билан оммага ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Турли санадларни қидириб, рақибларига ажойиб кўринадиган ҳадисларни излайди.

Агар илм талаб қилишга қизиқиши сўниб қолса, дунёга берилиб кетади. Агар фақиҳлик даражасига етса, раҳбарлик, умр лаззатлари, мажлислар тўри, қалб хотиржамлиги, кўнгил тинчлигига кўз тикади. Ўша нарсалар, ўлчовлар ва сабабларни тушуниш билан ўзига ўхшаганлар билан рақобатлашиш, тенгдошларидан устун келиш, рақибларини енгишни мақсад қилади. Мана шу унинг дунёдаги сайру саёҳатидир.

Аллоҳ ҳаққини қоим қилиш ёки Аллоҳнинг динини юксалтиришни истамайди. Балки бунда раҳбарлик илмида ўзини кўтариш, рақобат учун ўрганиш бордир. Шу йўлда чарчоқлик ва бедорликларга дуч келади. Раҳбарликка етиб, одамлар унга муҳтож бўлганда ва нафси одамлар муҳтожлигини сезганда кибрланади, ўзидан кетади, барчадан ўзини юқори қўяди. Фатвосига қарши чиқилса, ғазабланади. Одамлар олдига чиқса, мажлислар тўрини талаб қилади. Одамлар кўзи ўзида бўлишини истайди, фақат унинг фикрини олишларини хоҳлайди. Унинг фикрига қарши чиққаннинг, бирор ишда истагига хилоф қилганнинг ҳолига вой. У шундай ҳолда давом этади. Раҳбарлиги уни чарчатиб, умри охирида жабр қилувчи, бағритош, кибрли, дунё матолари ва обрўга алданган ҳолда топасан.

Бизга Ибн Абу Майсара, Яъқуб ибн Ҳамид ибн Косибдан, у Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Умавийдан, у Ҳасан ибн Ҳуяйдан, у Яъқуб ибн Утбадан, у Саид ибн Мусайябдан, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким бандалар билан ўзини кучли санаса, Аллоҳ уни хор қилади”.

Энг алданган киши шудир. Чунки у амалларига қараб: “Одамларни тўғри йўлга бошлайман, уларни тўғри йўлдан олиб бораман, уларга илм бераман, ишларини ўз фикрим билан бошқараман. Илм йўқолиб, ҳақ зое бўлмаслиги учун менинг фикрим улар учун ўзларининг фикрларидан яхшидир”, дейди. Сен одамларни сўзда тўғри йўлга бошлаётганини, лекин ўзининг тўғри йўлдан юрмаётганини кўрасан. У ўзи қайтарган ишларни қилади. Унинг ўй-фикри одамларни тузатиш эмас, балки халқ олдида иззати, обрўси ва қадри давом этишидир. Агар буни йўқотса, хафа бўлади. Давом этса, хурсанд бўлади. Кўрмайсанми, у шуни деб ҳасад қилади, яхшилик йўлини тўсади. Қўрқиши халқ олдида ҳурмати йўқолишидандир. Кўрмайсанми, у одамларга мулойим бўлади, уларни рози қилишга интилади. Уларнинг истаги бўйича, Аллоҳнинг амрига хилоф, Уни ғазаблантирадиган иш қилади. Буларнинг барига эътибор бермайди. Буни ўз раҳбарлигида қолиш, обрўсини сақлаш учун қилади. Бу дўзах оловига туташган оловдир. Эртага у тирик экан, алдангани, йўлининг зулматли экани туфайли ўзи билмаган ҳолда ёнади. У йўлни ўзи зулматга чулғаган. Қабрига ўша олов билан бирга киради. Ана шунда унга йўл равшан бўлади. Унга шундай дейилади: “Ўзинг тўғри йўлда бўлмасдан қандай тўғри йўлга бошлайсан? Нимага бошлайсан? Қалбингга Яъжуж ва Маъжуж девори каби девор солдинг. Қалбинг Аллоҳдан узоқ бўлгани ҳолда кимга чақирасан? Ўзинг ботил зулмати ва бекорчи лағвларда бўла туриб, қайси хулққа чақирасан? Ўз ишларингни олиб боришда адашганинг ҳолда қандай қилиб одамлар ишини бошқарасан? Ўзинг бузилган ҳолда қандай қилиб одамларни ислоҳ қиласан? Қалбинг ўлик бўлгани ҳолда қайси илмни тирилтирмоқчисан? Қалбинг дунёни яхши кўриш, раҳбарликни севиш, обрў, мақталиш, дунёга, обрўга боғлиқ ишларда иззатли бўлишни исташ каби разилликларга тўлаки, агар одамларга бу ошкор бўлса, сени итқитиб, устингдан тупроқ тортишарди. Бу разилликлар илонлар заҳридир. Алданган киши худди қудуққа тушиб, уни ўзига келгунча билмаган мастга ўхшайди. Агар уни илон ёки чаён чақса, ўзига келмагунча унинг оғриғини сезмайди. Агар ифлос жойларда ифлосликка булғанса ҳам, ўзига келмагунча буни англамайди. Фаҳш ишларни қилса, ўзига келмагунча ундан нафратланмайди. Агар молини ҳавога совуриб, хотинини талоқ қилса ҳам, бунинг фожеасини ўзига келмагунча билмайди. Агар ўзини ўлдирса, буни барзахда ўзига келмагунча англамайди”. Унинг ҳолига минг вой бўлсин! Агар яшашга пул топиш учун ишласа, бунда ҳирсни ўзига улов қилиб олади. Очлик билан йиға бошлайди. Неъматга сарфламай, ёмон гумонига ҳавойи нафси ва шаҳват билан сарфлайди. Яна: “Мен одамлардан сўрамаслик учун, оилам учун, ортган молимдан фақирларга ёрдам қилиш учун, шу билан диним ва обрўйимни сақлаш учун ишлаяпман”, деяётганини кўрасан. Яна у ўша ҳирс билан ишлашида обрўйини тўкиб, динини парчалаб, қуллар ва мардикорлар каби тер тўкишини кўрасан. Агар омонатли жойга жойлашса, омонатга хиёнат қилади, унга қўйилган тақиқларни бузади. Натижада на обрўси сақланади, на дини асралади. Агар мол-дунё тўпласа, мажбуриятларини адо этмайди. Нафақада хасислик қилади. На адолат учун ишлаган, на фақирларга меҳр кўрсатган, на қариндошлар билан алоқани боғлаган, на сўраб келганларга ёрдам берган бўлади. Агар инфоқ қиладиган бўлса, нафсига ёққан, истаган жойларга сарфлайди. Бу истаги тўғри бўладими, ботил бўладими, фарқи йўқ. Буни ҳам ўз истакларини қондириб бўлгандан сўнг қилади. Кейин яна кўрасанки, у қанча кўп йиғса, шунча ҳирси ва очкўзлиги ортиб боради. Шу билан бирга, кибрланади, жабр қилади, мақтанади, исроф қилади, одамларга зуғум этиб, гердаяди. Унга ўлимни эслатган киши у энг ёмон кўрган одамдир. Унга насиҳат қилган киши унга энг оғир кишидир. Дунёдаги кўз қувончи тўплаган молида. Дунёдаги хурсандчилиги нафсининг очкўзлигини тўйдирадиган нарсалардир. Қуръон ўгитларини, олимлар одобини, гўзал хулқлар, бағрикенглик, Аллоҳ учун биродар тутиш, эзгу ишларни буткул унутган. Агар эзгу иш қиладиган бўлса, худди ўйнаётгандек қилади, Аллоҳдан қабул қилишини ёлвормайди. Амаллар қабул бўлиши учун уларнинг холис бўлишига парво қилмайди. Бу ишлар билан Аллоҳга яқин бўлишни мақсад қилмайди. Аллоҳга кўрсатилади, деб уларни пишиқ қилмайди. Қалби ҳавойи истакларига боғланган. У тили билан: “Буларни иффат учун қилаяпман”, деса-да, аъзоларини тиймайди. Оиласи учун ҳаракат қилади-ю, Мавло розилиги учун интилмайди. Бировга меҳр кўрсатиши ҳам ўз истагига кўра, ўзи лаззат олиши, очлиги босилиши ёки манфаат учун бўлади. Бу оғир бир турмушни излашдир. «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У: “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир (дунёда яшаган вақтимда) кўрувчи эдим-ку?!” – дейди. (Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай “унутилурсан”» (Тоҳо сураси, 124–126-оятлар). Бу ўз нафсларига қараб, ҳақдан юз ўгирганлар жазосидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Кимки Раҳмон зикридан (Қуръон насиҳатларидан) кўр бўлиб олса (юз ўгирса), Биз унга шайтонни улфат қилиб қўйгаймиз, бас, у унга ҳамроҳдир. Албатта, улар (шайтонлар) уларни (“кўрлар”ни) йўлдан тўссалар ҳам (тўсилганлар) ўзларини ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар. То қачонки, Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўша шайтонга қараб): “Қани энди, мен билан сенинг орамиз Шарқ билан Ғарбнинг орасидек узоқ бўлса. Бас, (сен) нақадар ёмон ҳамроҳ экансан!” дер. Зулм қилганингиз сабабли бугун (яъни, қиёмат куни) азобда шерик бўлишингиз сизларга сира фойда бермас» (Зухруф сураси, 36–39-оятлар).

 

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Read 1445 times

Мақолалар

Top