Мақолалар

Ломишийнинг илмий мероси

Юртимиз заминидан етишиб чиққан алломалар турли исломий илмлар қатори калом илми ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар. Фарғона диёрида туғилиб, Самарқандда фаолият юритган Абус-Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший шундай уламолардан бўлиб, ўз даврининг фақиҳ, мутакаллим олими сифатида танилган.

Маҳмуд ибн Зайд Ломиший Мотуридия таълимоти ва ҳанафий фиқҳининг машҳур вакилларидан бири сифатида эътироф этилса-да, олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти борасидаги маълумотлар алломалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган табақот туркумидаги китобларда жуда кам учрайди.

Алломага берилган “Ломиший” нисбаси Фарғона водийсида жойлашган “Ломиш”  қишлоғи номи билан боғлиқ[1]. Олимнинг илмий фаолиятида Самарқанд шаҳри муҳим ўрин тутган.

Ҳанафий мазҳаби олимлари таржимаи ҳолларига оид табақот китобларида Ломиший ва унинг илмий мероси ҳақида қисқача маълумотлар келтирилган. Жумладан, Қураший (ваф.775/1334 й.) “Жавоҳир ал-мудия фи тобақот ал-ҳанафия” асарида Ломишийни “Маҳмуд ибн Зайд Ломиший” исми билан зикр қилиб, унинг 40 саҳифалик усули фиқҳ илмига оид “Муқаддима” номли асари борлигини келтиради[2].

Ломиший ҳақида келтирилган яна бир манба Ҳожи Халифанинг “Кашфуз зунун” асари бўлиб, унда олимнинг исми “Имом Бадруддин Маҳмуд ибн Зайд Ломиший” шаклида зикр этилади. Аммо Ломишийнинг ҳаёти, вафот этган йили, асарлари борасидаги маълумотлар зикр этилмаган.

Ибн Қутлубуғо ҳам “Тож ат-тарожим” асарида Маҳмуд ибн Зайд Ломишийнинг қирқ саҳифалик усул ал-фиқҳга оид асари мавжудлигини келтириб ўтиш билан чекланган.[3]

Бангладешнинг Дакка шаҳрида нашр этилган “ал-Будур ал-музия фи тарожим ал-ҳанафия” номли манбанинг 17-жузида Ломиший 5159-рақам остида зикр этилади. Асарда унинг исми “Аш-шайх ал-фазил Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший” тарзида келтирилади. Абдулқодир Қураший ўзининг “Жавоҳир” асарида олимнинг 40 саҳифалик усул ал-фиқҳга оид асари борлигини айтганини келтириш билан чекланади.[4] 

Замонавий тадқиқотларда ҳам Ломиший ҳақидаги маълумотлар юқоридагилар билан чекланган. Олим ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида мавжуд асарларининг қўлёзма нусхаларидаги маълумотларга асосланиб хулоса қилиш мумкин. Чунончи, олимнинг Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад Абдулаълам томонидан кўчирилган “Китоб фи усул ал-фиқҳ” асари қўлёзмасида мазкур асар 534/1140 йилда ёзилгани қайд этилган. Олимнинг мазкур даврда ҳаёт эканлиги ҳисобга олинса, унинг яшаган даврини ҳижрий V аср охири ҳамда VI аср биринчи ярми билан чегаралаш мумкин.

Аллома Ломиший қаламига мансуб “Баян кашф ал-алфоз” асарини таҳқиқ этган Мустафо Чалабий унинг IV ҳижрий асрда яшаб ўтганлигини тахмин қилади. Бироқ Ломиший ўзининг “Тамҳид” асарида Абу Муин Насафий(ваф. 508/1144)ни тўрт ўринда зикр қилганлиги, унинг “Табсиратул-адилла” асаридан бир неча ўринда иқтибос келтирганлиги ҳисобга олинса, Чалабийнинг мазкур фикри ҳақиқатга тўғри келмаслиги аён бўлади.

Алломанинг “Тамҳид” ва “Усул ал-фиқҳ” асарлари устида тадқиқот олиб борган олим Абдулмажид Туркий унинг ҳанафий фиқҳи нуқтаи назаридан Жассос, Кархий, Исо ибн Абон, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний орқали Абу Ҳанифага, ақида борасида Абу Муин Насафий, Дабусий ва Рустуғфоний орқали Имом Мотуридийга бориб тақалишини таъкидлайди.[5] Шунингдек, мазкур тадқиқотчи Ломиший ўзининг “Тамҳид” асарида Абу Муин Насафийга кўп бор мурожаат қилгани, унинг номини зикр қилгач дуо билан ёд этгани ҳамда асарда келтирилган кўплаб фикрлар алломанинг “Табсиратул-адилла” асари услубида эканидан хулоса қилиб Имом Насафий Ломишийнинг устозларидан бўлгани ҳақидаги фаразни илгари суради.[6]   

Ломишийнинг калом илмига оид “Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” ёки “Усул ад-дин” номли асари бизгача етиб келган. Унинг бир нечта қўлёзма нусхалари дунё фондларида сақланмоқда.

“Ат-Тамҳид” асари Абдулмажид Туркий томонидан тадқиқ этилиб, асарнинг “Лолали” ва “Арзинжон” нусхалари асосида 1995 йилда араб тилидаги замонавий нашри амалга оширилган.[7] Шунингдек, 2007 йил Байрутда Аҳмад Фарид Мизядий томонидан ҳам “ат-Тамҳид” асарининг араб тилидаги замонавий нашри чоп этилган.[8]

Асар ақида илмининг тавҳид, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, рисолат ва нубувват, авлиёларнинг кароматлари, ризқ, шафоат, қазо ва қадар, иймон, нарса-ҳодисаларнинг моҳияти каби 30 фаслни ўз ичига олади. Мазкур манбада юқорида зикр этилган мавзулар Қуръон оятлари, ҳадислар, ҳанафий-мотуридий уламоларнинг фикрларига таяниб ёритиб берилган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Маҳмуд ибн Зайд Ломишийнинг “ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” асарини тадқиқ этиш Мотуридия таълимотининг ҳижрий V-VI асрдаги ҳолатини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, аллома Ломишийнинг ибратли ҳаёти ва илмий мероси ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ,

ЎзХИА мустақил тадқиқотчиси

 

[1] Ёқут Ҳамавий. Муъжамул-булдон. – Байрут: Дор содир, 1977. – Ж 5. – Б. 8.

[2]Абдулфаттоҳ Муҳаммад Ҳалавий. Муҳйиддин Ибн Муҳаммад Абдулқодир Ҳанафийнинг «Жавоҳир ал-мудийя фи табақот ал-ҳанафийя» асари тадқиқи. – Ар-Риёд: Дор ал-улум, 1993. – Ж 4. – Б. 437.

[3] Абулфидо Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний. Тож ат-тарожим. – Байрут: Дор ал-қалам, 1992.

– Б. 290.

[4] Муҳаммад Ҳифзурраҳмон. Ал-будур ал-музия фи тарожим ал-ҳанафия. – Дакка: Дар ас-солиҳ, 2018. – Ж 17. – Б. 280.

 

[5] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид. Абдулмажид Туркий таҳқиқи остида. – Байрут: Дор ғарб ал-исламий, 1995. – Б. 17.

[6] Ўша манба. – Б. 18.

[7] Қаранг: Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид. Абдулмажид Туркий таҳқиқи остида. – Байрут: Дор ғарб ал-исламий, 1995. – Б. 261.

[8] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид. Аҳмад Фарид Мизиядий таҳқиқи остида. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2007. – Б. 160.

Read 1410 times

Мақолалар

Top