Мақолалар

Фарзларни енгил санайди

(Алданган киши) агар яхши ишларни кўнгилли қилса, фарзларни енгил санайди. Нафси нафллар билан хотиржам бўлади. Мана шу нафснинг очкўзлиги ва дангасалигидир. Булар макрли ёмонликлардир. Аллоҳ таоло айтади: “Ёмонликлар билан макр қиладиганлар учун қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (беҳуда кетур) (Фотир сураси, 10-оят).

Ёмон ишларни макр билан қилиш зоҳири яхшилик, ботини ёмонлик бўлган амалларни қилишдир. Яхши ишларни бандалар кўрсин деб қилади. Ботинидаги Аллоҳ кўрадиган ишларга парво қилмайди. Бу Аллоҳ макр билан қилган ишлардир. Бу табақадаги кишилар фарзлар ва нафлларни беписанд қилишади. Моллари кўп. Бирлари фарз намоз ўқиса, намозида бир руҳ, хотиржамлик, қалб қувончини кўрмайсан. Худди ҳеч нарса қилмагандек. Агар пешинни ва зуҳони ўқиса, ёки бир кеча туриб ибодат қилса, у амал кўз ўнгида туради. Агар бирор фарз намозни қазо қилиб қўйса, бунга бир кеча турмай қолгани ёки бирор вирдни қилолмай қолганидаги ёки бирор жанозага боролмай қолганидаги каби ачинишини кўрмайсан.

Охират ва унинг қўрқинчларининг зикри сабаби у ана шу нафлларни олдинга қўйиб, фарзларни эса кейинга қўйган. Агар ўлим ёқасига келиб қолса ҳам, у фарзлардан олдин нафл бўлган эзгу ишларни қилишга шошади. Нафллар кўзига фарзлардан кўра муҳимроқ кўринади. Қалбини нафлларни қилишга интилиш эгаллаб олади. Кўнгли уларни қилса, хотиржам бўлади. Қилмаса, ачинади. Ўлим онида ҳам шуларга суянади. Бу улкан алданишдир. Ибодатини кўп, ошиқча санашдан ибодатига нуқсон етади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бомдоднинг икки ракат суннатини тарк қилма, унда рағоиб бор”, деган ҳадисларининг маъноси уларни тарк қилмай, ўқиб юришдир. Яна бу икки ракатнинг бошқа суннатлар каби эмаслигини ўргатади. Чунки у улуғ бир вақтдадир. Тонг отганида Аршдан то ергача тасбеҳ айтишга чақирилади. Арш жарчиси: “Эй халойиқ, Малик ва Қуддус Зотга тасбеҳ айтинг”, деб жар солади. Биринчи тасбеҳ Аллоҳга икки ракат ўқишдир. Шу тасбеҳдан сўнг бир гап бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки ракатнинг қадрини, аҳамиятини билишга ундаганлар. Уни ўқиб фарздан юз ўгиришимизга эмас. Муаззин: “Қод қоматис сола” (Намоз қоим бўлди), деб турганида бошқа намозга турасан. Аллоҳ таоло Китобида: «Эй мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: “(даврани) кенгайтирингиз!” дейилса, бас, кенгайтирингиз» (Мужодала сураси, 11-оят), деган.

Яъни, агар муаззин “Қод қоматис сола” деса, туринглар, чунки у сени туришга чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар намоз бошланса, фарз намозидан бошқа намоз йўқдир”.

У зот масжидга кирганларида Билол розияллоҳу анҳу бомдодга такбир айтаётган эди. Бир киши эса икки ракат суннатни ўқиётган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шўринг қурсин! Бомдодни тўрт ракат ўқийдими?!” дедилар. Агар нафснинг алданиши бўлмаганида шу гапга мойил киши: “Имом ва қавм фарзни ўқиб турганида сен икки ракат суннатни ўқи”, дейиши мумкин бўларди. Бунга ҳадисдаги: “У икки ракатни тарк қилма” ва “Бомдоднинг икки ракат суннати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, деган сўзларни далил қилган. Бунда унга далил йўқ. Балки ўша вақтдаги ҳар қандай икки ракат дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир.

Бизга Исо ибн Аҳмад Асқалоний Бақийядан, у Мутъам ибн Миқдомдан ривоят қилади: Абда ибн Абу Лубобанинг шундай деганини эшитдим: “Бомдоднинг икки ракатида замон рағбати бор, фарз намозидан кўз қувончи бор. Дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”. Отам раҳимаҳуллоҳдан, у Солиҳ ибн Муҳаммаддан, у Абон Балхийдан, у Фурот ибн Соибдан, у Абу Исҳоқдан, у Осим ибн Замрадан, у Али ибн Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозга кеч қўшилганини билдилар. Унга: “Биз билан намозга улгурдингми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. “Биз билан унинг ҳадди (чегараси)га улгурдингми?” дедилар. У: “Ҳадди нима?” деди. У зот: “Биринчи такбир”, дедилар. Киши: “Унинг ҳаддига бирор узрли сабаб билан етолмаса нима бўлади?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сени Аллоҳ йўлида ишлаб турган мингта қалин қора юнгли туя машғул қилиб қолган бўлса, намознинг ҳаддига етишинг сен учун ўшандан ҳам яхшидир”.

Бизга Лайс ибн Жузайма Мансур Абу Рабоҳдан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар сенда икки идиш бўлиб, бири динор билан, иккинчиси дирҳам билан тўла бўлса, биринчи такбир сен учун улардан кўра улуғроқдир”.

Абу Абдуллоҳ: “Яъни уларни садақа қилиш”, деган. Умар ибн Абу Умар Саид ибн Сулаймондан, у Усмон ибн Матардан, у Собитдан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг “Раббингиздан бўлган мағфиратга шошингиз” (Ҳадид сураси, 21-оят), деган сўзи тўғрисида: “Биринчи такбир”, деганлар.

Иззат аҳли бу нарсалардан холидир. Бировлари ҳаж қилади, закот беради, сўнг фақирларга садақа қилади, работлар ва қўноқлар, масжидлар қуради. Бундан фарзларда топмаган қалб қувончини топади, қиёмат кунида шу ишларга умид боғлайди. Зотан, бир ракат фарз намоз бир нафл умрадан афзалдир. Закотга берган бир дирҳам бутун молини садақа қилиб юборишидан афзалдир. Фарз ҳаж умри бўйи ҳаж қилишидан афзалдир. Фарзлар дардларга шифо, гуноҳларга каффорат, дўзахдан нажотдир. Нафллар эса нажотдан сўнг савобга қўшимча савобдир. Савобнинг улуғлиги, каромат, қабул фарзлардадир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига қаранг: “Ким таҳорат қилиб, таҳоратини ўз жойларига етказса, кейин намозни ҳадлари, вақтлари, вожиблари билан адо қилса, у порлаб турган оқ нарса бўлиб кўтарилади. Унинг нуридан шарқу ғарб ўртасидаги жинлар ва инсонлардан бошқа барча нарсалар баҳраманд бўлади. Агар Аллоҳга кўтарилса, айтади: “Мени асраганинг каби Аллоҳ ҳам сени асрасин”, дейди. Аршга боради, Аллоҳ уни фаришталарнинг сафига қўйишни буюради. У дунё тугагунича ўша ерда эгаси номидан намоз ўқиб туради”.

Бу ҳадисни менга Исо ибн Аҳмад Асқалоний Бишр ибн Бакр Тайнасийдан, у Саид ибн Синондан, у Абу Зоҳриядан, у Абу Шажарадан, у Абдуллоҳ ибн Умардан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. Алданган киши фарзларни енгил санайди. Унинг ҳукмларини, уни улуғлашни, унинг қабул бўлиши учун Аллоҳга тазарру қилишни енгил санамайди. У қандай? Уни улуғлайдими? Буни хаёлига келтирмайди. Намознинг вақти кирмасдан унга тайёрланиш, вақти кириши учун қуёш ва сояларга қараб туриш уни улуғлашга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аллоҳ бандаларининг энг яхшилари Аллоҳ зикри учун қуёш, ой, юлдузлар ва сояларга риоя қиладиганлардир” (Ҳоким ва Табароний ривояти).

Буни бизга Абдулжаббор ибн Ало Суфён ибн Уяйнадан, у Мисъад ибн Иброҳим Саксакийдан, у Абдуллоҳ ибн Абу Авфадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан гаплашардилар. Биз ҳам у киши билан гаплашардик. Агар намоз вақти бўлиб қолса, худди у киши бизни танимагандек, биз ҳам у кишини танимагандек бўлиб қолардик”.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши намоз ўқийди. Унинг қазо бўлмаслиги бандага аҳли ва молидан яхшироқдир”.

Алданган кишини нафлларга ғайратли, шижоатли, фарзларга эса кечикиб боришини кўрасан. Агар уни адо қилса, дангасалик, васваса билан чалғиб, адо қилади. Бу ўта алданган кишидир.

 Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

 

Read 1562 times

Мақолалар

Top