Мақолалар

Намозда зам сурани тартиб билан ўқиш шартми?
  • Сураларни тартиби бўйича ўқиш вожиб бўлса ҳам, намоз ўқувчи тартиби билан ўқишни тарк қилиши туфайли унга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Чунки сураларни тартиби бўйича ўқиш намоз вожибларидан бўлган аслий вожиб эмас.
  • Биринчи ракатга қироат қилган сурасидан кейин иккинчи ракатга бир сура ташлаб кейинги сурани қироат қилиш макруҳ саналади. Шунга кўра агар орада икки ё ундан кўп оятлар бўлса, бир суранинг бошқа-бошқа жойидан ўқиш макруҳ бўлмайди. Аммо заруратсиз бундай қилмаслик афзал.
  • Намоз ўқувчи қироатда ўқиётган жойидан бир сура ё бир оятни ташлаб кейингисини ўқиши макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ўша сура ё оятдан ўзини олиб қочиш ва ундан ўзгасини устун қўяётгандек ваҳм (хаёл) юзага келади.
  • “Муҳийт” китобида: “Ёлғиз ўқиётган киши нафл намозида бир сурани қасддан қайта ўқиши макруҳ эмас, аммо фарз намозида макруҳ бўлади”, дейилган.
  • Иккинчи ракатга биринчи ракатда ўқилган сурадан юқоридаги сурани ўқиш макруҳ бўлади. Чунки бунда саҳобалар ижмоъ қилган тартибни тарк қилиш юзага келади. Аммо бу ҳам қасддан ўқилса макруҳ бўлади, агар унутган ҳолда бўлса макруҳ бўлмайди. Бу масалалар “Фатавои Татархония” китобида баён этилган.
  • Насафийнинг “Фатаво” китобида шундай баён қилинган: “Абул Фазл нафл намозда биринчи ракатга “Масад” сурасини, иккинчи ракатга ундан юқорида бўлган “Наср” сурасини қироат қилиш ҳақида сўралганида: “Агар қасддан шундай қилса макруҳ бўлади, деган. Қози имом Абу Бакр эса фарз намозда макруҳ бўлади, нафлда макруҳ бўлмайди, деб айтган”.
  • Орада иккита сурани ташлаб ўқиш макруҳ саналмайди. Чунки Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шом намозида биринчи ракатга “Кафирун” иккинчи ракатга “Ихлос” сураларини зам қилиб ўқиганларини ривоят қилган.
  • Биринчи ракатга “Нас” сурасини ўқиган бўлса иккинчи ракатга ҳам шу сурани такрор ўқиш лозим бўлади. Чунки такрор ўқиш тескари ўқишдан кўра енгилроқ ҳисобланади. Баъзи уламолар бундай ҳолатда “Бақара, “алиф лам мийм”ни ўқисин, деганлар.

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.

Read 4277 times

Мақолалар

Top