Мақолалар

Азон тинглаганда бажариладиган суннатлар
  1. Азон эшитган киши муаззин айтган калималарни қайтаради. Азонни эшитган мусулмон киши уни диққат билан тинглаши ва муаззин жумлани тугатиши биланоқ уни ичида такрорлаши даркор.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
 

  1. “Ҳаййа ъалас сола(ҳ) ва “Ҳаййа ъалал фалаҳ” деганда эса “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дейди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса ҳамда “ҳаййа ала”ларда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата” деса жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Муаззин “Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ” лафзини айтганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнгра менга салавот айтинглар. Чунки ким менга бир салавот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн салавот айтади. Кейин менга василани сўранглар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга василани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки муаззиннинг овозини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринг, сўнгра менга салавот айтинг. Зеро, ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таолонинг Пайғамбарга салавот йўллаши У зотни муқарраб фаришталарга мақташи, бандага салавот йўллаши унга раҳмат назари билан боқишидир.

 

  1. Азон тамом бўлгач ушбу дуоларни ўқиш:

“Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ”

“Аллоҳим! Эй ушбу етук чақириқниг, ҳозир бўлиб турган намознинг Робби! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га васила ва фазилатни ато эт. У зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан аъбдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин Расулан ва бил Ислами дийнан”

“Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳни Робб деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб, Исломни дин деб рози бўлдим” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким муаззинни эшитганида “Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан аъбдуҳу ва Расулуҳу, розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин Расулан ва бил Ислами дийнан” деса, унинг гуноҳи мағфират қилинур», дедилар.

  1. Дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Муаззинлар айтган калималарни айт, қачонки охирига етсанг, сўра, берилади” (Имом Абу Довуд ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1274 times

Мақолалар

Top