Мақолалар

Роббим кечирмаса, сизнинг кечирганингиз қутқармайди

Абу Ҳумайд Соидийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Киши биров берган нарсани фақат у кўнглидан чиқариб берсагина олиши ҳалол бўлади”.

Бу мусулмоннинг моли қанчалик дахлсиз экани учундир. Анави алданганлар эса, барча ҳукмларни шу тариқа жорий қиладилар. Агар дунёда зиммасидан соқит бўлса, қутулади, дейишади. Бундай бўлишидан Аллоҳ асрасин!

Бу зиммадан мажбурий соқит қилиш-ку. Бу худди биров билан низолашиб, ундан ҳақини ололмай, безиб, охири бундан зерикиб, ҳаққидан кечиб, қочиб кетган кишига ўхшайди.

Одамлар олиб-бериб юрган қалбаки пуллар ҳам шундай. Агар улар ўзаро рози бўлишса ҳам, бу фақат ҳукмда кўринади. Аммо уни нафси талаб қилмай, ҳаққини олишдан ожизлиги учун олса, у ихтиёрий олган бўлмайди.

Тил билан розилигини айтган бўлса ҳам. Яна шунга ўхшаш: Бир кишининг бошқа киши билан тижоратда олди-бердиси бўлади. У ўша киши билан ўртасидаги олди-бердини чалкаштириб, унинг ҳақидан ўзига ўтганларини ҳалол санайди. Лекин ўзи биладики, унинг ҳақи ўзига ўтиб кетди. Бу алданишдир.

Бу ўзига ҳам очиқ-равшан кўриниб турибди. Бундан маълум бўладики, сен шеригингни чалғитиб олган нарсанг, Аллоҳ наздида сенга ҳалол эмас. Кўнгилдан чиқариб берилмаган ҳар нарса сенга душман бўлади. Сен унинг душманлигидан қутулмайсан. Бир улуғ нарса қолади. Нима қолади, деб сўралса, айтилади: Аллоҳнинг раҳмати, шафқати, саховати, карами келгунча ҳақ хусумати қолади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга оиласини қайта жамлаб бериб, у кишининг кўзи қувонгач, у кишининг гуноҳкор ўғиллари холи қолиб, бир-бирларига: “Нима қилганимизни қаранг, укамиз Юсуфга нималар қилдик. Унинг кечирганига алданиб қолмайлик, Роббимиз ҳузурида нима деймиз? Агар Аллоҳ кечирмаган бўлса, укамизнинг кечириши бизни қутқармайди”, дейишди. Кейин бир қарорга келишиб, жамланиб, Яъқуб ва Юсуф алайҳимассалом олдига боришди.

Улар: – Эй отажон, сизнинг олдингизга олдин ҳеч сўрамаган нарсани сўраб келдик. Бошимизга ҳали бундай мусибат тушмаган эди, – дейишди. Пайғамбарлар одамларнинг энг раҳмлилари эди.

Яъқуб алайҳиссалом айтди: – Ўғилларим, сизга нима бўлди?

– Биз укамизга қилган иш учун бизни кечирдингизми?

– Ҳа, кечирдим.

– Агар Роббимиз кечирмаган бўлса, сизларнинг кечирганингиз қутқармайди.

– Унда нима истайсиз?

– Аллоҳга дуо қилинг. Агар Аллоҳдан сизга кечиргани тўғрисида ваҳий келса, шунда қалбимиз хотиржам бўлиб, кўзимиз қувонади. Аксинча, биз қувона олмаймиз. Шунда Яъқуб алайҳиссалом туриб, қиблага юзланди. Юсуф алайҳиссалом отасининг ортида турди. Акалари уларнинг орқасида хушу ва қўрқув билан туришди.

Оталари ва Юсуф алайҳимассалом уларнинг ҳаққига йигирма йил ҳар куни дуо қилишди. Акалари қийналиб, энди ҳалок бўламиз, деб ўйлашганида Аллоҳ уларга раҳм қилиб, кечирди. Жаброил алайҳиссалом йигирма йил бўлганда Яъқуб алайҳиссалом олдига тушиб: “Аллоҳ таоло сенинг болаларингга қилган дуоингни ижобат қилди. Уларнинг гуноҳларини кечирди. Бундан сўнг улар динда мустаҳкам бўлишади”, деди.

Абу Абдуллоҳ айтади: “Бу нарсаларни фақат соф ақллар ва закий қалблар идрок қилади. Ким зийрак бўлиб, ақлини ишлатса, синчиклаб назар солса, кўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида низолашган икки киши ҳақида эшитмаганмисан?! Бизга буни Маҳдий ибн Омир Ҳасан ибн Ҳозим Санъонийдан, у Аббод ибн Кабирдан, у Ғолиб Жизрийдан, у Товусдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муҳожир ва бир ансорий ўртасида қози бўлдилар.

Муҳожир айтди: – Ё Расулуллоҳ, унинг зиммасида ҳаққим собит, менга тўламади.

Ансорий айтди: – Ё Расулуллоҳ, у тўғри айтди. Зиммамда ҳаққи бор. Мен унга тўламадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга тўла, унда”, дедилар.

Ансорий айтди: “У даъво қилган нарсани тўладим. Лекин у қилган яхшиликнинг ҳаққи турибди. Мен унга ҳам муносиб яхшилик қилишим керак”.

Муҳожирий айтди: “Ё Расулуллоҳ, у тўғри айтди”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалари ўртасида ақлни тарқатиб тақсимлаган Аллоҳ улуғдир. Икки кишининг амали, яхшилиги, рўзаси, намози бир хил, лекин уларнинг бири бошқаси олдида ақлда бир ниначалик фарқ қилади. Аллоҳ таоло яратганларига ақл ва яқин (ишонч)чалик яхши насибани тақсим қилмаган”, дедилар.

 Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Read 1183 times

Мақолалар

Top