Мақолалар

Дунёга дўст бўлиш - 30 қисм

Вақтни бекорчи суҳбатлар билан ўтказишни яхши кўриш ҳам нафс касалликларидан ҳисобланади.


 
Муолажа услуби

Инсон бир кун келиб бефойда суҳбатлар билан вақтини ўтказган дўстлари уни тарк этишини унутмаслиги лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб бундай деди: Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, барибир бир куни вафот этасиз. Истаган кишингизни яхши кўринг, барибир бир куни ундан ажраласиз. Хоҳлаган нарсангизга амал қилинг, барибир ўша бажарган ишингизга мукофот (ёки жазо) оласиз. Билингки, мўминнинг шарафи кечасини (баъзисини ибодат ила) бедор қилишидадир. Азизлиги эса, одамлардан (ҳеч нарса сўрамасдан) беҳожат бўлишидадир» (Имом Байҳақий ривояти).

Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: Дўстлик адоватга айланади, агар унда самимият бўлмаса. Бойлик бахтсизлик келтиради, агар унда камбағалларнинг ҳаққи адо этилмаса.

Абул Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мени шундай бир амалга далолат қилинки, агар уни қилсам, Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам мени яхши кўрсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан юз ўгир, Аллоҳ сени севади. Одамларнинг қўлидаги нарсадан юз ўгир, одамлар сени яхши кўради”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

Read 836 times

Мақолалар

Top