Мақолалар

   Фарзандларимиз биз учун кўзгудир

 

 

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккита альпинист тоққа чиқаётган эди. Бир пайт олдиларидан баҳайбат айиқ чиқиб қолди. Улардан бири дарров ерга ўтириб, тоққа чиқиш учун мўлжалланган оёқ кийимини ечиб, югуриш учун мўлжалланган оёқ кийимини халтасидан олиб, шоша-пиша уни кия бошлади. Шериги бунга ҳайрон бўлиб, «Нима қиляпсан? Айиқдан қочиб қутуламан деб ўйлаяпсанми?» деди. Шунда у: «Югуриб айиқдан ўзиб кетмасам ҳам, сендан ўзиб кетсам бўлди», деб жавоб берган экан.


Айрим ҳолатларда биринчи альпинистдек фикр юритишимизга монеълик йўқ. Лекин оилада бундай фикр юритиш мақбул эмас. Биринчи альпинистнинг топган ечими тезгина қочиб, ўзини хатардан узоқлаштириш эди. Унинг мақсади шеригидан ўзиб кетиб, оғир аҳволда ташлаб бўлса ҳам, хатардан қутилиб қолиш эди. Аммо ўша шерик бизнинг бир бўлагимиз бўлса-чи? Оиламизнинг аъзоси бўлса-чи? Бундай ҳолатда уни хатарда қолдириб, ўзимиз қутулиб қолишимиз тўғри бўлмайди. Бу худди жарроҳлар: «Операция муваффақиятли ўтди, лекин беморни сақлаб қола олмадик», деган гапга ўхшайди.


Айтмоқчимизки, баъзан ота-она қийин вазиятга ечим топиш ўрнига ундан қочишга, масъулиятни ўзидан соқит қилишга ёки уни бошқа бировнинг зиммасига юклашга уринади. Натижада бошқаларнинг қўлидан келмайдиган энг муҳим вазифаларни боғчадаги тарбиячига, мактабдаги муаллимга ёки энагага ташлаб қўйишади.


Болалар тарбияси бўйича маслаҳат сўраб келган ота-оналар уларга мутлақо бўйсунмай қўйган ўғилларини, бўйи етиб қолган қизларини олиб келиб, уларни тарбиялаб беришни илтимос қилишади. Лекин бу масала фарзандлар билан эмас, ота-оналар билан ҳал бўлади, чунки оқибат эмас, сабабни ислоҳ қилиш керак. Фарзанд тарбиясидаги ислоҳ эса фарзандлардан эмас, ота-оналардан бошланади.
 

«Болаларимиз бамисоли жавҳар, лекин темирчи ўзимиз» китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Read 1289 times

Мақолалар

Top