Мақолалар

Гуноҳ ва хатоларга тавба қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Намоз намозгача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Рамазон рўзаси Рамазон рўзасигача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Лекин учта гуноҳ бундан мустасно:

Аллоҳга ширк келтириш;

Суннатни тарк қилиш;

Келишувни бузиш.

Бунга ўхшаш лафзларнинг саноғи йўқ. Уларни битта доирада жамлаш мушкул. Улар доимо мубҳам бўлиб қолаверади.

Ҳидоятга етиш йўли эса фақат тавба биландир. Аллоҳ кўксига иймонни мустаҳкам жойлаган инсонлар ҳар қадамларида ўзларини ислоҳ қилиб, нафсларини тергаб, у билан курашадилар ва нафсларини енгадилар. Аллоҳ кимнинг қалбини Исломга очиб саодатманд этган бўлса, у Парвардигори томонидан бўладиган нур устидадир. Уларнинг қалби Қуръон ва иймон нури билан ёғду сочади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ

«Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди» (Қоф сураси, 31-оят).

Жаннат қиёмат куни тақводор бандаларга яқин келтирилиб, кўзларига кўрсатилишининг ўзи уларга бўлган катта башоратдир. Ушбу шарафга кимлар эришади ва қайси сифатлар етказади?

ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ

«Бу сизга ваъда қилинган нарсадир, ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига... » (Қоф сураси, 32-оят).

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ушбу оят ҳақида: «Сертавба ва муҳофаза қилувчи ким эканига далолат қилайинми? У холи қолганда гуноҳини ёдга олади ва у учун истиғфор айтади» деди.

ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ

«Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага» (Қоф сураси, 33-оят).

Демак, қиёмат куни жаннат аҳлига жаннатни яқинлаштириб, олиб келинади ва:

«Бу сизга ваъда қилинган нарсадир…» – дейилади.

Яъни, «Бу дунёда ким иймон билан ибодат қилиб юрса, жаннатга киради», деб ваъда қилинган эди, ана ўша ваъда қилинган жаннат шу.

Ундан сўнг жаннат аҳлига қувонч устига қувонч бўлиши учун, жаннат кимларга ваъда қилингани алоҳида санаб чиқилади:

«…ҳар бир сертавбага ва муҳофаза қилувчига, Роҳмандан ғойибона қўрққан ва қайтувчи қалб ила келган кимсага».

«сертавба...»

Қилган гуноҳларига зудлик билан қайта-қайта тавба қилиб юрган шахслар. Тавбанинг аҳамиятини шундан билса ҳам бўлади.

«муҳофаза қилувчи...»

Оятда «муҳофаза қилувчи» деб қўйилганининг ўзи ғоят улкан маънони англатади. Нимани сақлаш керак бўлса, шуни сақловчилар ушбу маънонинг ичига киради. Жумладан, шариат чизиб қўйган чегарани сақловчи, Аллоҳга берган аҳду паймонини сақловчи ва ҳоказо. Бу ҳам жаннатийларнинг сифатларидан бири экан.

«Роҳмандан ғойибона қўрққан...»

Роҳман – Аллоҳнинг сифатларидан бири, ғойибона қўрқиш – Уни кўрмасдан қўрқишдир. Албатта, бу сифат жуда ҳам зарур бўлиб, Аллоҳ таолодан ғойибона қўрқмай туриб, жаннатга киришни хаёлга ҳам келтирмаслик керак.

«қайтувчи қалб ила келган...»

Аллоҳнинг ҳузурига қалби касал бўлмай келувчи. Қалбнинг саломатлиги энг муҳим сифатлардан экани ҳаммага маълум. Аллоҳ барчамизга қалб саломатлигини насиб этсин.

Аллоҳим, биз Сендан барча гуноҳ ва хатоларга истиғфор сўраймиз.

Хуршид Маъруф

Read 1320 times

Мақолалар

Top