Мақолалар

Ғийбат гуноҳи кабирадир

Ғийбат гуноҳи кабирадир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай баён қилинган:
«...Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ғийбат энг катта ғуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатьий ҳаром қилинган мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло ўз бандаларига ғийбатнинг қанчалик ёмон иллат эканлигини тушунтириш учун ажойиб бир услубни қўллаган. Яъни ғийбатчининг ғийбати гўёки ғийбат қилинганнинг гўштини ейиш билан баробардир.

Одатда инсон ўзи ёмон кўрган кишини ғийбат қилади, бутун борлиги билан ундан нафратланади. Бу нафратини ғийбат қилиш орқали бошқаларга ошкор қилади. Гўштини ейиш у ёкда турсин, ҳатто у билан ўтиришни ҳам истамайди. Уни шу қадар ҳақир санайдики, қўлидан бирор пиёла чой ичишни ҳам ўзига ор деб билади. Лекин ғийбат қилиши билан гўёки унинг гўштини егандек бўлади. 

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар ғийбат нима эканини биласизларми? «Саҳобалар жавоб беришди: «Аллоҳ ва Расули билади». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар биродарингизни ўзи ёмон кўрган нарса билан зикр қилсангиз, албатта ғийбат қилибсиз». Сўрадилар: «Мен айтган сўзимни биродарларимда кўрган бўлсам-чи?» Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ундаги бор нарсани айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз, агар унда йўқ нарсани айтсангиз, туҳмат қилган бўласиз».

Жобир ибн Абдуллоҳ шундай ривоят қилди: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида сассиқ бир ҳидли шамол эсиб қолди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мунофиқлар мусулмонларни ғийбат қилдилар, шунинг учун бадбўй ҳидли шамол эсяпти», – дедилар.

Ҳакимларнинг баъзиларига айтилди: «Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ғийбат шамоли сассиқлигининг билинишида ва бизнинг замонамизда бу нарсанинг йўқлигида қандай ҳикмат бор?»

Жавоб беришди: «Чунки бизнинг давримизда ғийбат кўпайиб. бурунларимиз ғийбатнинг сассиқ ҳиди билан тўлиб битган, бунинг ўхшаши: Бир киши тери ошловчиларнинг олдиларига кирса, терининг сассиқ ҳидидан уларнинг ёнларида тура олмайди, бироқ у жойда ишловчилар бемалол ишлаб, ўша жойда овқатланиб, чой ичишадилар, улар сассиқ ҳидни сезмайдилар. Чунки уларнинг бурунлари шу сассиқ ҳид билан тўлиб бўлган. Биздаги ҳозирги ғийбат ишлари шундай ҳолатдадир».

Иброҳим Адҳам ғийбатчиларга хитоб қилиб айтди: «Эй ёлғончи! Дўстларингга дунёйинг билан бахиллик қилдинг, душманларингга охиратинг билан сахийлик қилдинг. Сен бахиллик қилган ўрнингда кечирилмайсан, сахийлик қилган ўрнингда мақталмайсан», – дедилар.

Хуллас, ҳар бир мўмин киши Аллоҳ таолодан ғийбатчи, фитначи, туҳматчи, бахил бўлиб қолишдан паноҳ сўраб дуо қилиши ва бу гуноҳи кабиралардан узоқ юриши лозим.

Муродулло Чориев,
Имом-Термизий ўрта махсус
ислом таълим муассасаси
1 - босқич талабаси

Read 1412 times

Мақолалар

Top