Мақолалар

Кимда уч хислат бўлса...

Динимиз кишиларни бир-бирларига меҳр-оқибатли ва ҳар доим ўзаро яхши муносабатда бўлишга чақиради. Айниқса, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида силаи раҳмни кучайтиришга буюради:

«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят).

Афсуски, бугун турмуш ташвишлари билан бўлиб, қариндошлик алоқаларига беэътибор бўляпмиз. Туғишганларнинг телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашишлари одат тусига кирди. Улар билан фақат тўй-маъракаларда юз кўришилмаса, бошқа маҳал бир дастурхонда жам бўлиб, дийдорлашиш йўқ. Меҳр кўзда деганлардай, кўз кўзга тушмаганидан кейин ака-укачилик, қариндошлик алоқалари узилиб кетмоқда.

Яна бир гап. Бугунги кунда олди-берди ва шу каби баъзи сабаблар билан юзкўрмас бўлиб кетаётганлар бор. Бу каби инсонлар йиллар давомида гина-кудурат сақлаб, ўз  ака-укаси ёки бошқа яқини билан гаплашмайди.

Яқинда қўшнимиз уйида эҳсон ўтказди. Шунда барча қўни-қўшни бир дастурхонда жам бўлди. Аммо мезбоннинг бир уй нарида турадиган укасига кўзимиз тушмади. Ҳайрон қолдик. Кейин билишимизча, уларнинг орасига совуқчилик тушган экан.

Яна шундайлар борки, катта-кичик маросимларни ўзининг туғишганлари қолиб, синфдошлари, касбдошлари ва бошқа улфатлари билан нишонлайди. Ахир буни ота-она, ака-ука ҳамда опа-сингиллар билан бир давра атрофида ўтириб, суҳбатлашиб ўтказишса, қандай яхши! Уларнинг бир-бирига бўлган меҳри, муҳаббати ошади. Бошқа пайтларда ҳам мўминлар жигарлари ҳузурига, уларнинг ҳолидан хабар олишга шошилишлари, агар аразлашган бўлишса, бир-бирларини кечиришлари лозим. Зора, Аллоҳ уларнинг гуноҳларидан ўтса. Шунда ўртадаги келишмовчиликлар ўз-ўзидан бартараф бўлиб, бир-бирига меҳр-муҳаббати ошиб, кўплаб ажру савобларга эга бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда уч хислат бўлса, Аллоҳ қиёматда унинг савол-жавобини осонлаштиради ва уни Ўз раҳмати билан жаннатга киритади”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули! Бу уч нарса нима” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени маҳрум қилганга сен илтифот кўрсатасан. Сен билан қариндошлик риштасини узганларга силаи раҳм қиласан. Сенга зулм қилганларни кечирасан. Агар мана шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киритади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм қилиб қариндошлар билан алоқани боғласин” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Дилмурод СОДИҚОВ

Read 1268 times

Мақолалар

Top