Мақолалар

Хурмонинг фойдали хусусиятлари

Хурмо ниҳоятда мазали, ширин ва фойдали мевадир. У тамр (туршак) ҳолига келгунча уч босқичдан ўтади. Биринчи, хом ва ғўра босқичида балаҳ деб аталади. Бунда меванинг ранги сарғиш, устки қавати эса қаттиқ ва қарсилдоқ, мазаси бироз тахир ва оғизни қамаштирувчи бўлади. Кейин сарҳил ва сувли бўлиб пишган ҳолати рутоб дейилади. Ундан кейин қуритилиб, экспорт қилинадиган шакли тамр деб аталади.

Қуритилган хурмо ейилгандан сўнг тезда глюкозага айланиб, танага қувват бағишлайди. Истемол қилинган бир дона хурмонинг ярим соат ичида инсон ақлий қобилиятини ошириб, қувватини тиклаши олимлар томонидан тасдиқланган.

Унда озуқавий толалар миқдори юқорилиги учун ҳам қоринни тўқ тутади. Шу боис ҳам диетологлар хурмо парҳезини тавсия қиладилар. Бунда асосан, хурмо ва сув билан озиқланиш кўзда тутилади.

Ҳар куни умумий миқдорда беш-олтита хурмо еб юриш инсон жисмига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, ошқозон-ичак тракти яхшиланади. Юрак-қон томир хасталиклари ҳамда альцгеймер хасталигига чалиниш хавфини камайтиради, жинсий қувватни оширади. Қабзият ва исҳолдан азият чекувчиларга ҳам хурмо тавсия қилинади. У озғинликдан азият чекувчиларга ҳам фойдалидир.

Хурмоларнинг энг олий навлиси ажвадир. Ҳадиси шарифда ҳам айнан ажва хурмоси зикр қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким (оч қоринга) эрталаб ажвадан етти дона еса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар қилмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1179 times

Мақолалар

Top