Мақолалар

Натижа Аллоҳдан, биздан эса...

Дунёдаги энг муҳим ва асосий мақсадимиз мазмунли ҳаёт кечириш ва ўзимиздан сўнг яхши ном қолдиришдир. У бу ишни турли кўринишларда амалга ошириш мумкин. Масалан, бирор касб танлашдан олдин у касб ўзгалар учун қандай манфаат келтириши ҳақида фикр юритишимиз керак. Фақат ўша касб ортидан келадиган даромад ёки обрў-эътиборни кўзлашимиз тўғри бўлмайди.

Мақсадимиз йўлида натижага эътибор қаратамиз. Кўпинча: “Қанча ҳаракат қилмай, барибир натижа бўлмаяпти” қабилидаги гапларни айтамиз. Бирор ўзгариш сезмасак, дарров тушкунликка тушамиз.

Ёдда тутайлик, натижа Аллоҳдан. Биздан талаб қилинадигани фақат интилиш. Бунга ёрқин мисол Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларидир. У зот алайҳиссалом бир неча йиллар давомида Макка аҳлини иймонга чақирдилар, аммо жуда озчилик мусулмон бўлди. Натижанинг озлиги Набий алайҳиссаломни мақсадларидан тўхтатмади. Рисолатни етказиш учун Тоифга бордилар. У ерда ўз юртларидан ҳам ёмонроқ муносабат кўрдилар. Тоиф аҳлидан ҳеч ким шаҳодат келтирмади. Набий алайҳиссалом илтижо қилавердилар.

Бундай қараса, ушбу сафардан ҳеч қандай натижа бўлмагандай кўринади. Аммо ўша вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқинларидан бир тур жинлар ўтиб борарди. Улар Қуръонни у зот алайҳиссаломдан эшитиб, мусулмон бўлишди. Ҳатто шерикларини ҳам иймонга чақирувчи даъватчига айланишди. Натижада сон-саноқсиз жинлар Исломни қабул қилди. Бу ҳолатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз кўзлари билан кўрмаган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло ваҳий орқали билдирди.

Ҳаракатларимиз ортидан ўзгариш сезмасак, бу  натижа йўқ эканини билдирмайди. Натижа ҳамиша бўлади!

Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаётларида ҳам бизга гўзал намуна бор. У зотга эргашувчилар жуда озчиликни ташкил этди. Кейин Халилуллоҳ бир ўлкадан бошқа ерга саёҳат қила бошладилар. Охир-оқибат саҳрода тўхтадилар. Одамларни Маккага боришларини сўраб, Аллоҳга илтижо қилдилар. Дуоларининг ижобатини ҳаётлик чоғларида кўрмадилар.

Бугун Ернинг ҳеч бир қитъасида иймон келтирмаган, Каъбага интилмаган мусулмон топилмаса керак. Аллоҳнинг уйига жисмонан боришмаса ҳам, қалблари ўша ерда. Бу Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларининг ижобати эмасми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари бугун деярли барчанинг севимли асарига айланган. Ҳаётлари давомида юздан ортиқ асар таълиф этган бўлсалар, барчаси ҳам халқнинг қўлига етишидан умид йўқ эди. Ўшанда ўзбек халқи эндигина атеистик тузумдан чиққан, Ислом динидан сабоқни аста-секинлик билан олишни бошлаши зарур бўлган. Аммо Ҳазрат халқнинг ҳаётида маънавият юксаладиган, илм ва маърифат ортадиган даврлар келишидан умидвор ҳолда ёзаверди. Натижа эса барчамизга маълум.

Парвардигор бизга расуллари ва солиҳ бандалари ҳаётида гўзал ибратлар кўрсатди. Шуни билишимиз лозим, биз натижадан эмас, балки қилган амалимиздан сўраламиз.

 

Моҳигул АНВАРОВА,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

4- курс талабаси

 

Read 1510 times

Мақолалар

Top