Мақолалар

Ғор оғзидаги ўргимчак уяси

Мадина ҳижрати асносида изқуварлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳуни қидириб, Маккани остин-устун қилиб ташлашади, ҳатто Савр тоғига ҳам чиқишади. Лекин уларни топа олишмайди. Савол: душманлар нима учун уларни топишолмаган?

 Бу ҳақда уч хил ривоят бор. Келинг, уларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқайлик:

1) “Изқуварлар у тоғда ғор борлигини билишмаган” (Муттафақун алайҳ).

Савр – катта тоғ. Аммо унинг тепасида Ҳиро ғорига ўхшаш кавланган ёки табиий суратда пайдо бўлган ғор бўлмаган. Балки “Савр ғори” деб аталадиган жой ўша пайтда харсанг тошларнинг бир-бирига суяниши натижасида икки-уч киши сиғадиган ғорча, яъни ўра, ковак, ғовак бўлган. Ғор оғзи ҳам тор бўлиб, пастда жойлашган эди (“Фатҳул Борий”, “Тафсири Жалолайн”, “Тафсири Насафий”, Муҳаммад Алий Собуний, “Софватут тафосир”).

Демак, “Савр ғори” изқуварлар эътибор берадиган даражада кўзга кўринарли бўлмаган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтади: “Мен (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга) ғордалигимда, у зотга: “Агар у (изқувар)лардан биронтаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади”, дедим (у зотдан хавотирланиб). У зот: “Абу Бакр, гапирмай туринг (тинчланинг). Учинчиси (ҳимоячиси) Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсиз (яъни Аллоҳ биз билан экан, ким ҳам бизга зарар етказа олади)?!” дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Хулоса: мазкур биринчи ривоят саҳиҳдир.

2) “Ғор оғзида ўргимчак уясини кўриб: “Агар Муҳаммад бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бузилган бўларди”, деб ғор ичига қарашмаган” (Имом Аҳмад, Баззор, Табароний, Байҳақий, Хатиб Бағдодий, Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Имом Табарий, Абдураззоқ Санъоний, Абу Бакр Марвазий, Абу Нуайм Асбаҳоний ва Абул Қосим Асбаҳоний ривоятлари. Санади заиф).

Баъзи олимлар бу “ўргимчак” ривояти Тавба сурасининг 40-оятидаги “Ва (Аллоҳ) у зотни сизлар кўрмаган лашкарлар билан қўллаб-қувватлади”, жумласига тўғри келмайди деб, “мункар” ҳукмини беришган. Чунки ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзга кўринмайдиган лашкарлар, яъни фаришталар билан қўллаб-қувватланганлари айтилган. Ривоятда эса, ўргимчак тўри билан дейилган, ҳолбуки, ўргимчак ва унинг тўри кўзга кўринадиган нарсалардир.

Хулоса: бу иккинчи ривоят ихтилофли масаладир. Жумҳур уламолар наздида “заиф”, баъзи олимлар наздида “мункар”дир. Лекин Ибн Касир ва Ибн Ҳажар Асқалоний “ҳасан” дейишган (“Ал-бидая ван-ниҳоя”, “Фатҳул Борий”).

 3) “Мушриклар ғор оғзида бир жуфт ёввойи кабутар ин қуриб ётганини ва уларнинг учиб кетмаганини кўриб, излаётган кишилари бу ерда эмас, деган фикрда қайтиб кетишган”.

Бу ривоятнинг санадида Авн ибн Амр бор. Имом Бухорий у ҳақда “мункарул ҳадис ва мажҳул”, деган. Яҳё ибн Маъин “ишончли эмас”, деган.

Яна санаддаги Абу Мусъаб мажҳул (номаълум шахс)дир. Утай ибн Маждийнинг ҳадиси мункардир. Ибн Сулаймон Масмулий эса, ёлғончидир («Зуъафоул Уқайлий», «Насбур-роя ли-аҳадийсил Ҳидоя»).

Ҳайсамий: “Санадида мен билмайдиган, танимайдиган жамоа бор”, деган (“Мажмаъуз-завоид”).

Ибн Касир: “Бу ривоят жуда ғарибдир”, деган (“Ал-бидая ван-ниҳоя”).

Хулоса: бу учинчи ривоят собит эмас, ишончсиз, ҳужжатга ярамайди.

 

Абдул Азим ЗИЁУДДИН,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

катта ўқитувчиси,

сийрат фани устози

Read 1001 times

Мақолалар

Top