Мақолалар

Қазо ва адо ҳақида

Аҳли сунна вал жамоа айтади: «Рўза, намоз, закот ва бошқа фарз амаллар ўз вақтидан ўтиб кетса, уларнинг қазосини ўташ вожиб. Вақти ўтиб кетган амални вақтидан сўнг ўташ қазо дейилади. Вақтида адо этилмаган фарз амаллар қазоси ўталмаса, зиммадан соқит бўлмайди. Қазоси ўталган амал ўз вақтида адо этилган амал кабидир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Ким бирор намоздан ухлаб қолса ёки уни унутиб қўйса, уни эслаган вақтда қазо қилиб ўқиб олсин. Албатта, мана шу (вақт) унинг вақтидир” (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Мўътазилийлар айтади: “Қазо – мустақил ҳолда собит бўладиган алоҳида ибодат ва ҳукмдир. Вақти ўтиб кетган фарз амаллар қазоси ўталса-да, банда зиммасидан соқит бўлмайди. Қазо аслнинг бадали эмас”.

Мўътазилийларнинг гапи тўғри эмас. Чунки қазо адонинг бадалидир. Бунга далил шуки, агар банда фарзни ўз вақтида адо қилса, қазоси унга вожиб бўлмайди. Агар қазо алоҳида ҳукм бўлганида, ҳам адо, ҳам қазо вожиб бўлар эди. Бомдод намози қазо бўлганида Набий алайҳиссалом бомдодни ўз вақтида адо этилиши сифатида қазо қилиб ўқидилар. Бу қазо адодан бадал эканига далолат қилади.

 

Соатмурод ПРИМОВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

илмий ишлар ва фан бўйича проректори

Read 1625 times

Мақолалар

Top