Мақолалар

Таомланишда бажариладиган суннатлар
  1. Қўлни ювиш.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир” (Имом Табароний ривояти).

  1. “Бисмиллаҳ” ни айтиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди”, деганлар. Яъни, шайтон Аллоҳ таолонинг исми айтилмай ейилаётган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди ва уни еяётган одамга шерик бўлади.

Агар овқатланишнинг бошида айтиш ёддан кўтарилса ва кейин эсга тушса: “Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва охириҳи”, дейилади.

       3. Ўнг қўл билан ейиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чап қўл билан еманглар! Чунки шайтон чап қўли билан ейди, деганлар (Имом Муслим ривояти).

  1. Таомни ўз олдидан ейиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳой болакай. Аллоҳнинг номини айт, ўнг қўлинг билан е ва ўз олдингдан ол” , деганлар.

  1. Тушиб кетган луқмани олиб, еб қўйиш.

“Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингизнинг егулигингиз ерга тушиб кетса, уни кўтариб, сиртини бегона нарсалардан тозалаб есин, насибасини шайтонга қолдирмасин. Қўлини артмай туриб ялаб қўйсин. Дарҳақиқат, у барака қай бирида (яширин) эканидан бехабардир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Астон университети профессори Энтони Хилзнинг фикрича, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб бемалол истеъмол қилса бўлар экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмайди. Бундай егулик соғлиқ учун хавфсиздир.

  1. Имкон бўлса, учта бармоқда ейиш. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқ билан ер эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксарият ҳолларда шундай қилар эдилар.

  1. Таомланиш асносида чўккалаб ёки бир тиззани кўтарган ҳолда ўтириш.
  1. Овқатни айбламаслик. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар, ёқтирсалар еганлар, ёқтирмасалар емаганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  2. Кўп емаслик ва ўта тўйиб кетмаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одамзот қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмагандир. Аслида, унга қоматини тиклаб турадиган овқат етарлидир. Агар зарурт бўлса: қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафас олиши учун бўлсин!” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1048 times

Мақолалар

Top