Мақолалар

Ҳаж амалларингиз қабул бўлсин

Мустақил юртимизда ибодатлар эмин-эркинликда қилинаётган бир вақтда, исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж  амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аллоҳ ризолиги йўлида  қилинаётган ҳар бир ибодатни Ўзи даргоҳида қабул қилсин.

Кейинги вақтларда Ҳажга бориб келувчилар орасида Ҳаж оши бериш,  эҳсон қилиш, аёллар орасида ҳаждагилар билан биргаликда “гап” да йиғилиш каби ҳолатлар одат тусига кириб бормоқда.

Бир  онахон билан гаплашганимда, онахон ҳажда бирга борган аёлларнинг бир-бирлари билан “гап” ўйнашлиги ҳақида гапириб қолдилар.  Бу йиғилишлар эҳсондан ҳам кўпроқ ким ўзарга, риёга, манманликка ўхшаб кетишини айтдилар.

Столга энг охирги русумдаги биллур идишлар, турли-туман таомлар, килоси 60 000 ортиқ турадиган хандон писталару, Эрондан келтирилган мевалар  қўйилган. Кейинги “гап”ни қиладиганлар эса албатта, бунданда ўтказиб қилишга ҳаракат қилишлари турган гап. Шароити кўтарса, ҳўп, шароити кўтармаганлар учун кўнгил синишининг бўлиши  ачинарли ҳолдир.

Келин ҳаждагилар билан учрашишга кетаётган қайнонасига: “Ойижон, ҳамма аёллар “гап”га келишганида тилла асбобларини тақиб келишган эди, нега сиз бор бўлса ҳам, тақмайсиз. Хоҳласангиз, ўзимникини бераман” деди меҳрибонлик қилиб. Қайнонасининг жавоби уни лол қолдирди: “Болам, орамизда тилла тақинчоқлари йўқ аёллар ҳам бор. Аёлмизда, барибир, зебу-зийнатни яхши кўрамиз. Тиллаларга бурканиб борсам, қайсидир бир аёлнинг кўнглини ўксишига сабаб бўлишдан қўрқаман”

Ҳажга кетаётган аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин деган кўрсатма йўқ. Ваҳоланки, бу оддий бандалик вазифасини бажариш, холос. Унинг ўрнига ҳаж давомида бирор амални тўкис адо эта олмаган бўлсам, шоядки каффорот бўлса, деб, қарз ҳавола қилмасдан эҳтиёжидан ортиқ маблағни  кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган инсонларга бериш яхши амаллардандир.

Бир илмли кишидан сўрашибди: “Ҳажжи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?”.  “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин, яхшиликка томон тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажжи қабул бўлишига яхши гумондир”, деб жавоб берган экан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира Абубакирова

Read 7366 times

Мақолалар

Top