Мақолалар

Болалар ўйинчоқлари — улар ортида нималар бор?

Бугун фарзандларимиз қандай ўйинчоқлар ўйнаяпти? Ғарбдан кириб келаётган айрим ўйинчоқлар ортига қандай мақсад яширинган? Оғзи қийшиқ, бошининг ярми йўқ, оёқ-қўллари беўхшов ўйинчоқлар уларнинг овунчоғига айланиб улгурдими?

Биз ота-оналар болаларимиз соғлиғи, руҳиятига чанг соладиган ўйинчоқларни сотиб олиб бермаяпмизми? Фарзандимиз жиззаки, урушқоқ, одамови, жаҳлдор бўлиб қолаётганига ўзимиз айбдор эмасми?   

ЎзА ижодкорлари болаларимиз келажаги, соғлиғи, тақдирига хавф солаётган ана шундай ўйинчоқлар ҳақида ўрганишлар олиб борди. Психолог, тадбиркор, тадқиқотчи, сотувчи-ю харидорлар, ота-оналарнинг фикрлари билан қизиқди. 

Бугун фарзандларимиз кўпроқ қандай ўйинчоқларни ўйнашяпти? Ушбу саволга тадбиркор Анвар Абдуқаюм шундай жавоб берди:   

— Болалар асосан хорижда, кўпроқ Хитой давлатида чиқарилаётган мультфильм ҳамда сериал қаҳрамонлари, умуман инсон онгига фойда бермайдиган, миллий ва маънавий қадриятларга таъсир қиладиган ўйинчоқларни ўйнашяпти. Энг афсусланарли жиҳати, нотўғри ўйинчоқлар олиб бериш орқали ота-оналар ўз қўли билан фарзандининг келажагини барбод қиляпти. 

Болаларимиз тасаввур ва тушунчаларини чалғитиши мумкин бўлган, уларнинг хаёлида ижобий, лекин аслида салбий ўйинчоқ қаҳрамонлар кимлар?   

— Болаларимиз қалбида меҳр-шафқат, муҳаббат, раҳмдиллик, эзгулик каби фазилатларни аста-секинлик билан йўқ қилаётган ўйинчоқлар “Попит ҳамда антистресс”, Хагги Вагги ва Кисси Мисси кабилардир, — дейди тадқиқотчи Нигора Ҳусанова. — Бундай ўйинчоқлар тарғиботи асосан ғарб мамлакатларидан кириб келяпти. Чунки буларнинг асосчилари ҳам ғарб мамлакатлари ҳисобланади. Айтишимиз мумкинки, ғарбдан чиққан оммавий маданиятга ғарбнинг ўзи ғарқ бўлди. Энди шарқ мамлакатларини ўз домига тортиб кетяпти. 

— Бу ўйинчоқларнинг болалар ўртасида оммалашиш сабаблари нимада? 

—2020 йилдан бошлаб бу ўйинчоқлар савдоси жуда ҳам кучайиб кетди, — дейди Н.Ҳусанова. — Чунки пандемия даврида одамлар орасида виртуал оламга қизиқиш ортди. Ўзини-ўзи яккалаш амалиёти ҳаммани виртуал оламга ипсиз боғлаб қўйди.   

Шу даврда “Poppy Playtime” ўйин компанияси томонидан ишлаб чиқилган ўйин қаҳрамонлари, мисол учун кўк бошли махлуқ, яъни Хагги Вагги ва Кисси Мисси ўйинчоқлари жуда ҳам оммалашди.   

Ўйин бошида Кисси Мисси Хагги Ваггининг синглиси бўлади. Кейинчалик уни маъшуқасига айланиб кетади. Ўйиндан ёш болалар юрагига қўрқув соладиган турли саҳналар, қонли лавҳалар, ваҳимали мусиқалар, шунингдек, собиқ ака-сингил ўртасидаги «эҳтиросли» лаҳзалар ҳам ўрин олган. Бу болаларимизга ниҳоятда салбий таъсир кўрсатади ва тасаввурлари ўзгариб кетишига сабабчи бўлади.   

Бу ўйинчоқларни ҳозирги кунда савдога чиқаришда айнан камалак ранглардан фойдаланилади. Бу ранглар бир жинслилар ўртасидаги никоҳни тарғиб қилувчи ранглар ҳисобланиб, болаларнинг ёшлигидан онгига кўникма ҳосил қилиб борилади. Болалар руҳиятига ёшлигидан шикастланиш, азоб чекиш, тушкунликка тушиб қолиш деган сўзларни сингдириш учун олиб борилаётган амалиёт ҳисобланади. Бу ҳам ғоя ва мафкуралар курашининг бир кўриниши.   

— Бундай ўйинчоқларни ўйнаш болаларда қандай стрессларни келтириб чиқаради? 

— Енгил-елпиликни тарғибот қилувчи, калта-култа кўйлаклар ёки аёллик танасининг символикаларини кўрсатган қўғирчоқлар қизчаларнинг эрта улғайишига олиб келади, — дейди психолог Шоира Исоқова. — Яъни, эрта етилишни келтириб чиқаради. Чунки ўйинчоқ яратаётган одамлар ўзининг руҳияти, фантазиясидан келиб чиқиб қўғирчоқ яратади. Бизнинг халқимиз жуда ҳам таъсирчан, ҳиссиётли ва ишонувчан халқ. Чиройли экан, бола ўйнаса бўлади, деб сотиб олади. Лекин бундай қўғирчоқлар болани қўрқитиши, руҳиятида ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.

— Дўконларимизда миллий қаҳрамонларимиз қиёфаси акс этган қўғирчоқларни учратиш мумкинми? 

— Амир Темур ва қўшинлари ёки Алпомиш достони қаҳрамонлари, Жалолиддин Мангуберди каби миллий қаҳрамонларимиз ва уларнинг қўшинлари акс этган, болани ортидан эргаштира оладиган қўғирчоқларни дўконлардан излаб тополмаганман, — дейди шоир Шодмонқул Салом. — Ўйинчоқлар дўконларини боланинг руҳиятини бузадиган, бузгандаям ниҳоятда бадбин, инсонийликка мос бўлмаган, одамийликка бегона бўлган рамзлар, тимсоллар акс этган қўғирчоқлар эгаллади.  Инсоннинг тафаккури 8 ёшгача шаклланиб бўлади, дейилади. Биз 8 ёшгача боламизни қўлдан бой бериб қўйяпмиз. Яна автобусда бизга жой бермаса, метрода гапимизга ўринли жавоб ололмасак, шартаки, агрессив, жаҳлдор бўлса, ундай боладан хафа бўламиз. Ундай болалар ойдан тушган эмас, ўзимизнинг боламиз, шу жамиятнинг фарзанди. Биров бизга тарбиялаб бергани йўқ, ўзимизнинг ҳосилимиз. Шунинг учун анча-мунча кеч бўлган, маълум авлод ҳам йўқолгандир. Лекин ҳечдан кўра кеч яхши.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА

Read 907 times

Мақолалар

Top