Мақолалар

Эшик тақиллатишда бажариладиган суннатлар
  1. Маъқул вақтни танлаш.

Ярим кечаси одамлар ухлайдиган пайтда, жуда эрта тонгда ёки туш пайтида дам олиш вақтида эшик қоқиш одобсизлик ҳисобланади.

  1. Эшикни уч марта тақиллатиш.

Чунки хонадан аҳли биринчи тақиллатганда эшитади, иккинчисида тайёрланадилар, учинчисида эса изн берадилар. Қўнғироқ чалиш ҳам эшик тақиллатиш кабидир. Шунинг учун қўнғироқни ҳам уч мартадан ортиқ чалмайди.

  1. Эшикни мулойимлик билан тақиллатиш.

Эшикни хонадон аҳли қўрқиб кетадиган даражада қўполлик билан тақиллатилмайди. Шунингдек қўнғироқ тугмасини ҳам узликсиз босиб турилмайди, ҳатто хонадон эгаси ўзининг уйини тақиллатганда ҳам қўполлик билан тақиллатмасин. Чунки хонадон аҳли бундай тақиллатишда қўрқинчли бир ҳодисани рўй берганини ўйлаб қолади.

  1. Эшикни уч бор таққилатишда уларнинг ўртасини ажратиш.

Ҳар тақиллатиш орасида бир муддат кутиш лозим. Токи хонадон аҳли тайёргарлик кўришга ёки эшикни очишга ургурсин.

  1. Эшикнинг рўбарўсида турмаслик.

Эшикни тақиллатган шахс эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриши лозим, эшикнинг рўбарўсида турмайди. Чунки эшикни очган пайтда гоҳо уй аҳлининг очиқ-сочиқ, биров у ҳолатда кўришини истамайдиган ҳолати кўриниб қолади.

  1. Эшик тақиллатувчи ўзини танитиши.

Изн сўровчидан хонадон аҳли “ким?” деб сўраса, “мен” деб жавоб бермасдан, исмини айтиб, ўзини танитиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Жобир розияллоҳу анҳу келиб, эшикни тақиллатди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу?” дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу: “Мен”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни (Жобир розияллоҳу анҳунинг “Мен” деган жавобини) хуш кўрмай: “Мен, мен”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  1. Хонадон аҳлининг изнини кутиш.

Изн сўровчи хонадон аҳлининг уйга киришга изнини кутиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).

  1. Изн берилмаса қайтиб кетиш.

Агар изн сўровчига жавоб берилмаса ёки “қайтинг” дейилса ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, изн сўровчи қайтиб кетиши керак. Бу ушбу оятга мувофиқдир: Бaс, aгaр у (уй)лaрдa ҳeч кимни тoпмaсaнгизлaр, ундa тo сизлaргa изн бeрилмaгунчa улaргa кирмaнгиз! Aгaр сизлaргa “қaйтинглaр” дейилсa, қaйтиб кeтaвeринглaр! шу сизлaр учун энг тoзa (йўл)дир. Aллoҳ қилaётгaн ишлaрингизни билувчидир (Нур сураси, 28-оят).

Чунки хонадон аҳли ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда изн сўровчи хонадан аҳлига: “Сен хижолат бўлма, балки бирор нарса билан машғулдирсан”, деб хижолатчиликни кетказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1052 times

Мақолалар

Top