Мақолалар

Қабр зиёратида бажариладиган суннатлар
  1. Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш.
  1. Таҳоратли бўлиш.
  1. Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйлаш.
  1. Зиёратгоҳда виқор билан сокин юриш.
  1. Қабр аҳлига бундай салом бериш:

“Ассаламу ъалайкум, йа аййуҳал-қубур. Йағфируллоҳу лана ва лукум, антум салафуна ва наҳну бил-асари”

“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли! Аллоҳ бизни ва сизларни мағфират этсин. Сизлар биздан олдин келгансиз, биз ҳам сизнинг ортингиздан келамиз”.

  1. Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма-юз ўтириш.
  1. Қабрни сийпаш, ушлаш, ўпиш ва айланиб тавоф қилишдан узоқ бўлиш.
  1. Қабр бошида “Ёсин” сурасини ёки ўзи билган бошқа сура, оятларни ўқиш.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир сўз ва ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

  1. Ихлос сурасини ўқиш.

 

  1. Марҳумнинг яхши сифатларини эслаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

  1. Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтиш зарур бўлса, тасбеҳ, таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтиш.
  1. Зиёратдан ибрат ва насиҳат олиб қайтиш.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1152 times

Мақолалар

Top