Мақолалар

Эҳтимол, Қиёмат яқинда бўлар...

Қиёмат қачон бўлишини билмаймиз, аммо Қуръон оятлари ва  ҳадисларга кўра, у яқиндир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга ҳисобот (кун)лари (қиёмат) яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда, (имон ва амалдан) юз ўгирувчидирлар” (Анбиё сураси, 1-оят).

Қуръони каримда айтилади: “Одамлар Сиздан қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», – деб айтинг! Қаердан билурсиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар” (Аҳзоб сураси, 63-оят).

Бошқа ояти карималарда бундай дейилади: “Чунки улар у (кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса уни яқин билурмиз” (Маъориж сураси, 6-7-оятлар).

Қиёматнинг яқинлигини унинг белги ва аломатларининг намоён бўлишидан ҳам билиш мумкин.

Кўплаб ояти карималарда Ҳақ таоло ҳисоб ва жазо куни яқинлигини ваъда қилади.  Аслида бу дунё ҳаёти абадий ҳаётнинг олдида бир лаҳзадир, холос.

Саҳл розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Мен қиёмат ила мана бундоқ ҳолда юборилдим”, дедилар ва икки бармоқларини чўзиб ишора қилдилар. Бошқа ривоятда: “Мен қиёмат ила мана бу иккиси каби юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич ва ўрта бармоқларини қўшдилар, дейилган (Икки шайх ва Термизий ривояти).

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Дунёда туришингиз сизлардан олдин ўтган умматларга нисбатан гўё асрдан қуёш ботгуничадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким Қиёмат қачон бўлишини ва унга қанча вақт қолганини билмайди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у вақтнинг қачонлиги ҳақида бирорта ҳадис ривоят қилинмаган. Лекин, унинг аломатлари зоҳир бўлишидан Қиёмат кунига оз қолганини билиш мумкин. Қолаверса, ўтаётган вақт ҳам Қиёматга тобора яқин қолаётганидан дарак беради”.

Қиёмат куни яқин ва унинг муқаррарлиги аниқ. Ўз тушунчамизга кўра ундан қанчалик узоқ ёки умримизни қисқа деб билмайлик у, албатта, келади. Келганда уни ҳеч қайтариб бўлмайди.

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси

Read 1104 times

Мақолалар

Top