Мақолалар

Гап кимни кўришдадир...

Маҳмуд Ғозий Абул Ҳасан Харақоний ҳузурларига кириб: “Абу Язид Бистомий ҳақида нима дейсиз?” деб сўрайди.

Шайх: “Ким унга эргашса, ҳидоят топади ва абадий саодатга эришади”, деб жавоб беради.

Маҳмуд: “Қанақасига, ахир, Абу Жаҳл Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб бадбахтликдан қутулмади-ку”, дейди.

Шайх: “Абу Жаҳл Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Муҳаммад алайҳиссаломни кўрмаган, балки ўзи билган Абу Толибнинг жиянини кўрган. Агар у ҳам Муҳаммад алайҳиссаломни кўрганида эди, абадий саодат топар эди”, дейди.

Аллоҳ таоло айтади: “Сиз уларнинг қараб турганларини кўрасиз, бироқ улар кўрмайдилар” (Аъроф сураси, 198-оят).

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга аҳлим ва молимдан кўра суюклисиз. Мен сизни кўп эслайман, то олдингизга келиб, сизни кўрмагунимча соғинч босилмайди. Мен сизнинг ва ўзимнинг вафотимни ўйладим ва билдимки, сиз жаннатга кирсангиз, набийлар билан юксак мақомларга кўтариласиз. Агар мен жаннатга кирсам, сизни кўролмай қолар эканман”, деди. Шунда Аллоҳ таоло оят нозил қилди: “Ким Аллоҳга ва Расулига итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!” (Нисо сураси, 69-оят).

Бошқа бир ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бир киши бўлар эди, у зотга қараб турар, кўзини юммас эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Сенга нима бўлди?” деб сўрадилар. У: “Отам, онам сизга фидо бўлсин, сизга термулиб, ҳаловат топяпман. Агар қиёмат бўлса, Аллоҳ Ўз фазли билан сизнинг даражангизни юқори қилади”, деди. Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди», дейилган.

Гарчи бизлар Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўзларимиз билан кўрмаган бўлсак-да, Аллоҳ таоло қалб кўзларимиз ила у зотга муҳаббатли бўлишни насиб этди.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот: “Ким мени яхши кўрса, мен билан жаннатда бўлади”, дедилар.

Кўришдан ва муҳаббатли бўлишдан мақсад ҳам аслида шу эмасми? Аллоҳ таоло бу муҳаббатимизни жаннатда у зот билан бирга бўлиш ила мукофотласин.

Нуриддин домла ҲАМРОҚУЛОВ,
Учқўрғон тумани “Шархончек” жоме
масжиди имом ноиби

Read 1036 times

Мақолалар

Top