Мақолалар

Фарзанд кўрганда бажариладиган суннатлар
  1. Муносиб исм қўйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирганидир”, деганлар. (Абдуллоҳ, Ҳамидуллоҳ, Абдураҳмон каби).

  1. Чақалоқнинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг фарзанди Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён[1] зарар етказа олмас”, дедилар.

  1. Чақалоқнинг сочини олиш, унга атаб ақиқа қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир”.

Агар фарзанд туғилганидан сўнг етти кунда ақиқа қилишга имконият бўлмаса, 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Бу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлади.

  1. Чақалоқнинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтади: “Ўғлим туғилганда уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот алайҳиссалом ўғлимга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар. Унга барака тилаб дуо қилдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

5. Чақалоқнинг ҳаққига дуо қилиш.

Туғилган чақалоқнинг ҳаққига ушбу дуони қилиш: "Аллоҳуммажъалҳу тақиййан баарон рошийдан ванбитҳу фил Ислами набаатан ҳасанан".

Даврон НУРМУҲАММАД

[1] Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифаси.

Read 1069 times

Мақолалар

Top