Мақолалар

Қуръондаги охирги насиҳат!

Аллоҳ таоло муборак Каломида бандаларга жуда кўп панду насиҳат, буйруқ ва қайтариқларни нозил қилган бўлиб, унга ким амал қилса, икки дунё саодати кафолатлагандир. Каломуллоҳдаги оятларни тадаббур қилсак, унинг ҳар бири мусаффо қалбларни ларзага солади. Қалбдаги иймон, ишонч уруғлари тафаккур суви ила суғорилса, у куртак очишга, ўсиб-униб, бақувват илдиз олишга ва ҳосил қилишга олиб келади. Бу уруғни ўсишдан тўхтатишга уринадиган турли хил шайтоний, шаҳвоний васвасаларни ўчиради, қалбни тозалайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57 оят).

Дарҳақиқат, Қуръон оятларида келтирилган эслатма, буйруқ ва қайтариқлар унга амал қилувчиларга фойдалар манбаи ҳисобланади. Каломуллоҳни доимий тиловат қилиб, оятларини тадаббур қилувчи мўминларга буюк панд-насиҳат, қалбидаги ўзига яширин иллатларига шифо, икки дунёда ҳидоят ва раҳмат манбаидир. Шу боис Аллоҳ таоло Қуръонни ўқиб, унинг оятларини тадаббур қилишга тарғиб қилган: “Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!” (Муҳаммад сураси, 24-оят).

Ушбу ояти карима кўрсатмасига амал қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг охирги нозил бўлган ояти карима билан қисқача танишиб чиқамиз. Кўпчилик уламолар Қуръони каримнинг охирги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги 281-ояти: “Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. уларга зулм қилинмас”ни айтади. Ибн Журайжга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос (“Улумул-Қуръон” китоби).

Мазкур ояти каримада: “Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқинг...” дейилмоқда. Эътибор берсак, ушбу оятда Қиёмат куни назарда тутилмоқда. Унинг ўрнига Аллоҳ таоло: “Қиёмат кунидан қўрқинг”, дейиши мумкин эди. Лекин у кунда ҳар бир банда бир жойга – Оламларнинг Роббиси бўлган ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтарилишига алоҳида урғу берилмоқда. Ушбу кунда ҳар бир банда буюк Роббиси ҳузурида туриши эслатилмоқда. У куннинг даҳшати ва қўрқинчидан огоҳлантирилмоқда. Бошқа ояти карималарда ушбу маъно кенгроқ ифодаланади: “Одамларга ҳисобот (кун)лари (қиёмат) яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда, (имон ва амалдан) юз ўгирувчидирлар. Уларга Парвардигорлари (томони)дан бирор янги эслатма (оят) келса, уни, албатта, ўйнаб (масхаралаб) туриб тинглайдилар. Диллари эса ғофилдир...” (Анбиё сураси, 1-3 оятлар).

Қиёмат куни ҳолатнинг оғирлигидан ҳар бир жон ўзи билан овора бўлиб қолади. Аллоҳ таоло бу ҳақда кўплаб оятларда қайта-қайта эслатади. Жумладан: “Ўша куни киши ўз биродаридан қочур. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотини ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур. У кунда (баъзи) юзлар ёруғ, шоду хуррам (бўлур). У кунда (бошқа бир) юзлар узра ғубор бўлиб, уларни қоралик қоплар...” (Абаса сураси, 34-41 оятлар).

Ушбу куннинг даҳшати буюк, машаққати оғир бўлади. Қуёш халойиққа яқин келтирилади. Ҳар бир киши гуноҳига яраша тўпиғидан тортиб оғзигача терга ботади. Ал-Миқдод ибн ал-Асвад розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай хабар берганлар: “Қиёмат куни қуёш одамларга яқинлашади. Ҳаттоки улардан бир мил (тақрибан икки километр) миқдорга келади. Шунда одамлар амалларига қараб терга ботади. Улардан кимдир икки тўпиғигача, кимдир икки тиззасигача, кимдир икки биқинигача терга ботади. Кимнидир тер юганлаб олади”, дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўллари билан оғизларига ишора қилдилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Қиёмат кунида бутун дунёда мисли кўрилмаган ўзгариш рўй беради. Ер теп-текис жойга айланади. Қабрдан одамлар бош кўтариб чиқа бошлайди. Қуёшнинг нури йўқолиб, ўз жойидан қўзғалади. Нурини йўқотган юлдузлар ҳам ҳар тарафга сочилиб кетади. Улкан тоғлар эса ҳавода титилган юнг каби учиб юради. Ваҳший ҳайвонлар ҳам қўрққанидан бир ерга тўпланиб олади. Денгизу дарёлар тошиб, сувлари бир-бирига аралашиб кетади. Биз кўриб турган бу дунё интизоми бутунлай ўзгариб кетади.

Қиёмат кунидан қўрқиш деганда – у кунда Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар биримиз беражак ҳисоб-китобдан қўрқиш ва унга тайёргарлик кўриш кераклиги тушунилади. Роббиси ҳузурига қайтишини билган банда унга ўзини тайёрлаб, солиҳ амаллар қилиши ва динимизда қайтарилган ишлардан сақланиши лозим. Шунинг учун ояти кариманинг давомида: “...Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур...” дейилмоқда.

Аввало, ҳар бир кишининг бу дунёда қилган ишларининг номаи аъмоли ҳисоб учун келтирилади. Кейин дунё ҳаётида қилган амалга яраша ё жазо ёки мукофот берилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада бундай деган: “Биз Қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирор жонга заррача зулм қилинмас. Агар хантал (ўсимлиги) уруғидек (яхши ёки ёмон амали) бўлса ҳам, ўшани келтирурмиз! Биз ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).

Ҳар бир инсон ўзининг қисқа умри давомида гоҳида яхшилик ғолиб кела олмагани ва ёмонликка яраша жазо берилмаганини кўриб, афсус чекади. Дунёда ҳам яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик қайтади, лекин ҳақиқий жазо ва мукофот Қиёмат куни бўлади. Қуръони каримда бундай дейилади: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала сураси, 7-8 оятлар).  

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада бундай хабар беради: “Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида – уларнинг қўллари сўзлар, оёқлари гувоҳлик берур” (Ясин сураси, 65-оят).

Адий ибн Ҳотим розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори Қиёмат кунида ўртада таржимонсиз гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, яримта хурмо (ни садақа қилиш) билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!” (Имом Бухорий  ривояти).

Биз ўрганаётган ояти карима сўнгида: “...уларга зулм қилинмас” дейилмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раҳмати, карами ва бандаларига меҳр-шафқати туфайли Ўзига зулмни ҳаром қилди, бандалари орасида ҳам зулмни ҳаром қилди. Қуръони каримда ушбу маъно таъкидланиб, бундай марҳамат қилинади: “Шубҳасиз, Аллоҳ бир зарра мисқолича ҳам (бировга) зулм қилмас. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).  

Абу Зар ал-Ғифорий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтганлар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз”” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ жалла ва ало одилдир, олийжанобдир. Халқларидан биронтасига ҳам зулм қилмайди. Аксинча банданинг ихлос билан қилган кичик бир амалига ҳам тоғдек ажру савоблар билан сийлайди. Роббимизнинг бизга бўлган мана шундай марҳаматини билиб туриб ҳам унга осий бўламизми?! Парвардигоримизнинг мана шундай олийжаноблигига муносиб жавоб қайтариб, ўзимизни ислоҳ қилмаймизми?! Биз мана шу саволларни ўзимизга беришимиз даркор.

Юқорида ўрганган ояти каримадан хулоса шуки, Қиёмат кунини ёдимиздан чиқариб қўймайлик. Ушбу буюк кун учун ҳар биримиз тайёргарлик кўриб, дунё ҳаётида кўплаб солиҳ амаллар қилиб қолайлик. Бунинг учун, аввало, фарз амалларини вақтида бажариб, нафл ибодатлар билан ундаги камчиликларимизни тўлдирайлик. Тилимизни доимо Аллоҳ таолонинг зикрига ўргатиб, турли ғийбат ва беҳуда гаплардан сақланайлик. Жамиятдаги муҳтож ва йўқсиллар  ҳолидан хабар олишга одатланайлик. Ҳасрат ва надомат фойда бермайдиган кунда улуғ Хожамиз ҳузурида ҳисобга тортилмасдан туриб, бугун ўзимизни ҳисоб қилайлик.

Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар ривоят қилишича, умар ибн хаттоб розийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирлангиз!”.

Шу боис салафи солиҳларимиз ўзини ҳисоб-китоб қилар, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг  ҳузурига бориш учун тайёрланишар эди. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Ҳазрати Умар ўзларини ҳисоб қилиб, шундай деяётганларини эшитдим: “Умар ибн Хаттоб – мўминларнинг амири”, дейдилар. эҳ..! Аллоҳга қасамки, эй Хаттобнинг ўғли, Аллоҳ сени ё азоблайди ёки азобдан сақлаб қолади”.

 Язид ибн Рақшовий раҳимаҳуллоҳ ҳар куни ўзини ҳисоб-китоб қилиб йиғлар ва бундай дер эди: “Эй Язид, ҳолингга вой! Вафот этганингдан кейин сенинг номингдан ким рўза тутади?! Эй Язид, ҳолингга вой! вафот этганингдан кейин сенинг номингдан ким садақа қилади?!...”.  

Аҳнаф ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ шамнинг олдига келиб, бармоқларини оловга тутиб кўрарди. Оловнинг тафтидан бармоқлари куйганда аламдан “Ухх!” дерди. Кейин ўзига хитоб қилиб: “Эй Аҳнаф, фалон куни, фалон ишни қилишга сани нима ундади?! Фалон кунидаги ишингчи?!” дея койирди.

Робийъ ибн Ахсам раҳимаҳуллоҳ уйида ўзига қабр қазиб, баъзан унга тушиб турар, у ерда “Ё Роббим! Мени қайтар! Ё Роббим! Мени қайтар!” деб нидо қиларди. кейин у ердан чиқиб “Эй нафс! Ана қайтдинг! Энди ғайрат қилиб, солиҳ амаллар қил!” дер эди.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг солиҳ бандалари қаторида қилиб, Қиёмат кунида ҳисобимизни енгил этсин! Бу дунё ҳаётига алданиб, Қиёматни унутиб қўйган бандалардан бўлиб қолишдан паноҳида асрасин!   

Абдуллатиф домла Турсунов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси

Read 1590 times

Мақолалар

Top