Мақолалар

Тинчликни қадрлаш – олий фазилат

(Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманида сўзлаган нутқи)

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله و الصلاة و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه أجمعين

 أما بعد...

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

Қадрли меҳмонлар, ҳурматли анжуман иштирокчилари,

Аввалам бор, барчангизга меҳмондўст Ўзбекистон заминига хуш келибсиз, деймиз. Фурсатдан фойдаланиб, узоқ-яқиндан келган сиз, азиз меҳмонларимизни, хусусан бугунги халқаро анжуман ишида қатнашаётган қардош озарбайжонлик қадрдон биродарларимизни сиҳат-саломатликда кўриб турганимдан бениҳоя мамнунлигимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Биринчи навбатда, ушбу халқаро анжуманни ўтказиш борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаб, барча шарт-шароитларни яратиб берган Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жанобларига ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жанобларига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз.

Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги кўп йиллик тарихга эга. Халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Икки қардош мамлакат халқларини азалдан дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Ўзаро ишончга асосланган муносабатларимиз бундан буён ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман.

Манбаларда қайд этилишича, улуғ мутафаккир Алишер Навоий асарларида Озарбайжон халқининг буюк шоири Низомий Ганжавийга юксак эҳтиром кўрсатган. Икки юрт алломаларининг бир-бирларига ҳурматлари жуда ҳам юқори бўлган. Озарбайжон мутафаккирлари асарлари диёримиз зиёлилари томонидан юксак қадрланган. Тошкент Давлат педагогика университети Низомий номи билан аталиши фикримизга яққол мисол бўлади.

Туркий халқларнинг муштарак шоири, Озарбайжон мутафаккири Муҳаммад Сулаймон ўғли Фузулий халқимиз орасида ҳам машҳур бўлган, шеър-ғазалларини зиёлиларимиз ёддан билишган, унинг асарлари мадрасаларимизда ўқитилган. Ҳатто, Абдулла Қодирийдек сўз устаси Фузулий номини ҳар иккала машҳур романида тилга олган.

Мана шундай дўсту биродарлигимиз шу бугунгача давом қилиб келаётир. Озарбайжонлик дўстларимиз Оллоҳшукур Пошшозода, Аҳмад Аббосов, Салмон Мусаев, Жаброил Микоилов, Асад Бобоев, Сардор Аҳмадов кабилар Ўзбекистон мадрасаларида таълим олишган. Шунингдек, бугун азиз меҳмонимиз бўлган Альбир Крганов, Равиль Панчеевнинг отаси Жаъфар Панчеев, Исмоил Бердиев, Шарофуддин Чочаев кабилар ҳам юртимиз мадрасаларида таҳсил олишган. Улар энг навқирон, йигитлик даврларини шу ерда ўтказишган. Булар учун Ўзбекистон замини ватандек қадрли бўлиб қолган, десам сира муболаға бўлмайди.

Муҳтарам анжуман иштирокчилари,      

Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон Президенти ташаббуси билан 2017 йил қардош Озарбайжонда “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан республикада қатор диний-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Шу йил июль ойида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларидан иборат делегацияси расмий ташриф билан Озарбайжонда бўлди. Ушбу делегация Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жаноблари қабулида бўлиб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳақида сўз юритилди. Президент Илҳом Алиев томонларидан Озарбайжонда исломий қадриятларни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинаётганига амин бўлдик. Айниқса, Озарбайжон масжидларидаги мўмин-мусулмонларнинг аҳиллиги, иттифоқчилиги ва тотувлиги бизни жуда ҳам мамнун этди. Албатта, мана шундай хайрли ислоҳотларда, Президент Илҳом Алиев жаноблари ва Шайхул ислом Оллошукур Пошшозода ҳазратларининг ўрнилари беқиёсдир.

Шундай ҳамкорлик алоқаларимиз қўшни мамлакатлар ҳамда Россия Федерациясининг мусулмонлари идоралари ва муфтийлари билан ҳам изчил давом этаётгани барчамизни мамнун этади.

Ўз навбатида, мамнуният билан қайд этиш лозимки, Ўзбекистон давлат Раҳбари ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги тўлиқ таъминланиб, диний бағрикенглик муҳити табора мустаҳкамланмоқда.

Ўтган қисқа вақт давомида Қорақалпоғистонда «Имом Эшон Муҳаммад» масжиди, Хоразмда «Охун бобо» масжиди, Тошкентда «Сузук ота» масжидини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилиши, шунингдек, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш бошлагани катта туҳфа бўлди.

Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беради.

Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини дунёга таратишда беқиёс аҳамият касб этади. Шунингдек, азим пойтахтимизда Ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига жуда катта хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Шу ўринда айтиш лозимки, ҳозирги кунда диёримизда икки мингдан зиёд масжидлар фаолият юритмоқда, 2 та олий диний ўқув юрти, 9 та мадраса иш олиб бормоқда. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра амалларини адо этишмоқда. Бир йилда бир неча юзлаб номдаги, миллионлаб ададда диний-маърифий нашрлар чоп этилмоқда. Бугунги кунда 50 га яқин диний-маърифий сайтлар ишлаб турибди. Уларда энг тажрибали уламолар томонидан тўғридан-тўғри савол-жавоб қилиш ва диний фанлардан онлайн дарслар ўтиш ҳам йўлга қўйилган.

Албатта, мана шундай неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг марҳамати ва хотиржамликнинг маҳсулидир. Бунинг учун Яратган Парвардигорга доимо шукроналар айтамиз.

Қадрли дўстлар, азиз меҳмонлар,

Таассуфлар бўлсинким, бугунги кунда тинчликдек улуғ неъматдан ҳамма ҳам баҳраманд эмас. Чунки дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир бўлмоқда. Бундай мудҳиш воқеалар дунёнинг тинчликсевар халқлари қатори биз мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбини ларзага солмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, БМТ Бош ассамблеясининг
72-сессиясида муҳтарам Президентимиз бузғунчи кучларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида ташаббус кўрсатиб, бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни, Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини энг муҳим вазифа, деб билишга тарғиб этдилар.

Бунинг замиридаги ҳикмат шундаки, қуролга қурол билан жавоб берилса, уруш-низолар барҳам топмайди. Шунинг учун жаҳолатга маърифат билан жавоб берилса, қилаётган ишлари хато экани тушунтирилса, улар ҳам инсофга келиб қолишидан умид қилинади.

Тинчликсевар ислом динимизни ниқоб қилиб, ислом ва мусулмондек олий мақомга доғ тушираётган, баъзи кимсаларнинг манфур ҳаракатлари туфайли ислом динига терроризм ва экстремизмни тенглаштирилаётган бир пайтда бугунги халқаро анжуман алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги анжуманнинг чақирилиши, айниқса, инсоният мураккаб тараққиёт жараёнини бошидан кечираётган ҳозирги даврда, ислом динининг турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маънавий ва руҳий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда курашга, ҳамжиҳатликка даъват этишда беқиёс аҳамият касб этади.

Шунинг учун ҳам бугун биз муқаддас ислом динимизни зўравонлик ва хунрезлик билан бир қаторга қўймаслик зарурлигини, исломнинг инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига яна бир бор етказиб қўйиш мақсадида бу ерга тўпландик.

Бугунги маърузамга “Тинчликни қадрлаш – олий фазилат” мавзусининг танланиши ҳам бежизга эмас. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишларни рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдир.

Бу  неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

яъни: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).

Тинчликнинг қадрига етиш мўмин-мусулмонлар бурчидир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, деб марҳамат қилганлар.

Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон кабидир. Қанча унумдор ерлари, боғлари бўлмасин фойда ололмайди. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, барчамиз жипслашиб, ҳамжиҳатликда иш тутишимиз зарур.

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فيِ سِرْبِهِ، مَعَافًي فيِ جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّما حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا

яъни, “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).

 Эътибор қилинг, Набий алайҳиссалом ўта муҳим бўлган учта нарсани таъкидлаяптилар: тинчлик, саломатлик ва таъминот.

Ҳа, азизлар, сизу бизнинг диёрларимиз фуқаролари ҳар бир янги кунни худди ана шундай бахту саодат оғушида қарши олмоқда. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда ҳам шукр қилганларга неъматларини зиёда қилиб бериши тўғрисида оятлар мавжуд. Акс ҳолда ношукрлик нотинчликка олиб келади.

Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш учун тинчлик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ  إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ 

яъни: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.

Тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотиржам адо этадилар.

 

Муҳтарам анжуман иштирокчилари,

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эртаю кеч, туну кун ушбу дуони ўқиб юрганлар.

اللَّهمَّ إنِّي أسألك العافية في الدُّنيا والآخرة

яъни: “Аллоҳим, Сендан дунё ва охиратда офият беришингни сўрайман”, деганидир. Офият сўзининг кўп маъноси бор, асосийси омонлик, осудалик ва тинчлик-хотиржамлик деганидир. Шу нуқтаи назардан, барчамиз ҳар қандай хонадонда, ҳар қандай йиғин ёки маъракада фотиҳага қўл очганда – Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.

Ўз навбатида, тинчлик ва осойишталик доимий ва қатъий ҳаракатни талаб этади. Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

Бугунги таҳликали замонда қардош Озарбайжон билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуман ҳам мана шу тинчликнинг барқарор бўлишига жуда катта хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз меҳмонларни диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари  бўйлаб, азиз-авлиёлар ҳоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилишга таклиф этаман.

Улуғ аллома Низомийнинг ватанидан келган қардош озарбайжонлик меҳмонлар ва яқин қўшни, қадрдон давлатлардан ташриф буюрган азизларга яна бир бор: Ўзбекистонга хуш келибсиз! деймиз. Сиз азизларнинг ташрифингиз бизни беҳад қувонтирди. Зеро, озарбайжон шоири ўз шеърида бундай ёзади:

Эй Фузулий, оламинг кўрдим қаму неъматларин,

Ҳеч неъмат кўрмадим дийдори дўстлардек лазиз.

Муҳаммад Сулаймон ўғли Фузулий оламда энг лазиз деб эъзозлаган шундай дўстлигимиз абадий бўлсин, ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин!

Фурсатдан фойдаланиб, бу анжуманда иштирок этаётган барча мамлакат диний арбобларини турли миллат ва дин вакиллари ўртасида тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган хайрли ишларида Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўрайман.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Read 6704 times

Мақолалар

Top