Мақолалар

Аксирганга тилак айтиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради, эснаганни ёқтирмайди. Сизлардан бирортангиз акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон: «Ярҳамукаллоҳ» дейиши лозим бўлади. Эснаш эса шайтондандир. Сизлардан бирортангиз эснак келганда имкони борича уни қайтарсин. Чунки сизлардан бирингиз эснаса, шайтон унинг устидан кулади». Бир ривоятда: «Сизлардан бирингиз (эснаб) «А-а-а-ҳҳ» деса шайтон ундан кулади» (Муттафақун алайҳ).

Акса уришни яхши кўрилишига сабаб, у фаоллик ва оч ҳолатдан юзага келади. Эснаш эса тўқлик ва дангасалик оқибатидан юзага келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз акса урса: «Алҳамдулиллаҳ» (Аллоҳга ҳамд бўлсин), десин, шунда биродари ёки ҳамроҳи унга: «Ярҳамукаллоҳ» (Сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), десин. «Ярҳамукаллоҳ» деса у: «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ҳолингизни ислоҳ қилсин», деб жавоб қайтарсин» (Имом Бухорий ривояти).

Акса урганда «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд айтишнинг ҳикматларидан бири шуки, инсон юзида еттита сув тўплагувчи халтачалар бўлиб, акса урмасдан юрса, ўша халтачалар сув тўплаб қолар экан, натижада ўша сувларни шипрц ёрдамида чиқариб ташланаркан. Аллоҳнинг фазли билан инсон аксирса ўша халтачадаги сувлар акса уриш натижасида чиқиб кетар экан («Суннатдаги илмий мўжизалар академияси»нинг қарори)

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Сизлардан бирингиз акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит (ярҳамукаллоҳ) айтинглар. Аллоҳга ҳамд айтмаса, унга ташмит айтманглар» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам акса урсалар юзларини қўллари ё кийимлари билан тўсар ва шу билан овозларини пасайтирар эдилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта аксирган кишининг «Алҳамдулиллаҳ» деганига икки марта «Ярҳамукаллоҳ» дедилар. Ҳалиги киши учинчи марта аксириб «Алҳамдулиллаҳ» деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шамолаган экан», деб «Ярҳамукаллоҳ» демадилар».

Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида икки киши акса урди. Уларнинг бирига жавоб қайтардилар. Иккинчисига жавоб қайтармадилар. Ҳалиги жавоб қайтарилмаган киши: «Фалон киши акса урувди, жавоб қайтардингиз. Мен акса урсам, жавоб қайтармадингиз», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У «Алҳамдулиллаҳ», деди. Сен «Алҳамдулиллаҳ», демадинг», дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламолар акса уриш тўғрисидаги ҳадисларни ўрганиб акса уришнинг қуйидаги одобларини санаб чиққанлар:

акса урувчи юзини қўли ё кийими билан тўсади;

акса урганда имкон борича овозини пасайтиради;

акса ураётганда ўнг ёки чап томонга қараб акса урмайди, чунки икки томонидаги одамга азият бериб қўйиши мумкин;

акса урган одам баланд овозда «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд айтади;

акса урувчининг Аллоҳга ҳамд айтганини эшитган ҳар бир одам унга «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб беради;

«Ярҳамукаллоҳ» дейишда мусулмонларни ўзаро бирлаштирувчи ва муҳаббат пайдо қилувчи туйғу бор;

акса уриб «Алҳамдулиллаҳ» демаган одамга «Ярҳамукаллоҳ» дейилмайди;.

Жума хутбаси ўқилаётган пайтда акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб бериш макруҳ;

ҳожатхонада туриб акса урган киши “Алҳамдулиллаҳ” демайди ва унга «Ярҳамукаллоҳ» дейилмайди;

намозда туриб акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб берса намози бузилади;

Икки мартадан кўп аксирган одам шамоллагани сабабли аксираётган бўлиши мумкинлиги учун унга «Алҳамдулиллаҳ» деган тақдирда ҳам «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб қайтармаса гуноҳ бўлмайди.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли,

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби

Read 9779 times

Мақолалар

Top