Мақолалар

Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ: Отамнинг маслаҳатчисиман – 5-сабоқ

Ўсмирлик ёшига етганимдан кейин отамнинг менга нисбатан муносабатлари ўзгарди. Энди у киши мен билан худди катталар билан гаплашгандек гаплашадиган бўлиб қолдилар. Катталарга қандай мулозамат қилинса, менга ҳам шундай мулозамат қилар, мен билан гаплашаётганларида менга бор эътиборларини қаратардилар.

Кўчада юрганимизда ҳам “Ўғлим, мен сен билан фахрланаман, одамлар орасида юрар эканман, сендек ўғлим борлигидан бошим ҳамиша баланд!” деб мени доим яхши ишларга руҳлантириб ғайрат берардилар. 

Бир куни отам билан бирга ўтирганимизда менга жиддий юзланиб: “Ўғлим, сен ҳозирги замоннинг боласисан. Ҳозирги кундаги аҳволни сен мендан кўра яхшироқ мушоҳада қиласан.  Мен билмаган кўп нарсаларни биласан. Мен сенинг фикрларингга ишонаман. Сенинг ҳар бир масаладаги қарашларинг, ёндашувинг мен учун ўта қимматли. Шунинг учун бугундан бошлаб нима иш қиладиган бўлсам, албатта сен билан маслаҳатлашаман” дедилар. Мен шу пайтгача отамнинг менга нисбатан қилаётган ўзгача муомалаларидан ўзимни катталардек ҳис қилаётган бўлсам-да, мана шу гапдан кейин росмана катта одам бўлиб қолганимни ҳис қилдим. Энди мен нима гапирсам ўйлаб гапирадиган, бирор ишни бошлайдиган бўлсам, албатта отам билан маслаҳат қиладиган, ёш болалар ёки ўзим тенги ўсмирлар қилиб юрадиган бекорчи ишлардан батамом четлашадиган бўлиб қолдим.

Дарҳақиқат, отам ўз ваъдаларига содиқ қолдилар. Нима иш қилсалар доим мен билан маслаҳат қиладиган бўлдилар. Натижада мен ҳам масъулиятни ҳис қилиб ҳар бир берадиган маслаҳатимни, тавсиямни олдин ўзим яхшилаб ўйлаб, фикрлаб, пишитиб кейин берадиган бўлдим. Бу одатни фақат отам билан бўладиган муомаламда эмас, балки устозларим, дўстларим ва бошқалар билан бўладиган муомаламда ҳам йўлга қўйган эдим. Шу сабабли ҳам Аллоҳнинг фазли, отамнинг шарофатлари билан ҳар бир даврада сўзим эшитиладиган, фикри қабул қилинадиган инсонга айландим.

Кейинчалик ёшим катта бўлиб отамнинг ёшларига етганимда тушундимки, отам менинг маслаҳатларимни фикрларим тиниқ, онгим баланд, дунёқарашим кенг бўлгани учун эмас, балки, мени шундай муносабат билан тўлиқ ўзларига қаратишни, бошқалар менинг ёшлигимни ўғирламаслигини қасд қилганлари учун тинглар эканлар.

Ҳақиқатдан ҳам, биз кўпинча ўсмирлик ёшидаги фарзандларимизни хали ҳеч нарсани билмайди, тушунмайди деб ўйлаймиз. Уларга ўз қарашларимизни мажбуран бўлса ҳам сингдиришга ҳаракат қиламиз. Уларга яхшилик қиламан, уларни ёмонликдан асрайман деб аксинча уларни ўзимиздан узоқлаштириб қўяётганимизни билмай қоламиз. Демак, биз фарзандларимизга нисбатан самимий, яқин ва очиқ муносабатда бўлсак, уларнинг қалб эшиклари бизга нисбатан очилишига эришишимиз мумкин экан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1362 times

Мақолалар

Top