Мақолалар

Хиппи ўзининг Исломга киргани ҳақида: “Хотиним нима дейди?”

Тараққиётдан йироқ, шаҳар шовқинларидан узоқ, фақат бир хил фикрлайдиган – бир ғоя атрофида жам бўлган хиппилар жамияти йиғилган сокингина тоғ ҳаёти. Ушбу ҳикоя қаҳрамони Ислом динига киргунига қадар шундай яшаган эди.

 *   *   *

Шу ўринда муҳтарам ўқувчини “хиппи” ўзи нима экани билан таништириб ўтишни лозим топдик.

 Хи́ппи ( ингл.  hippy ёки hippie; этимологиясига оид фаразлардан бирида “hip” ёки “hep”  – “тушунадиган”, “биладиган” сўзидан келиб чиққани айтилади. Уни 1960 йиллар бошида АҚШда пайдо бўлган бибола фалсафий оқими ва субмаданияти (Субмаданият (lot. sub – „ост“ ва маданият) жамиятшунослик, антропология ва маданиятшунослик атамаси бўлиб, жамият маданиятининг кескин фарқланувчи бир қисмини англатади. Субмаданият ичида ўзига хос кийиниш, жаргон, хатти-ҳаракат ва бошқа маданий нормалар мавжуд бўлиши мумкин. Субмаданиятлар миллий, демографик, профессионал, географик ва бошқа асосларда шаклланиши мумкин. Бундан ташқари, ёшлар орасидаги субмаданиятлар алоҳида ажратилади) мухлисларининг  эски номи hipsters – хипстер билан адаштирмаслик керак.   

Ҳаракатнинг гуллаган даври 1960-70 йиллар эди.

Дастлаб хиппи айрим протестан черковларида ҳукм сурган пуритан ахлоқига қарши чиқади. Шунингдек, муҳаббат орқали табиий покликка қайтишни ва ҳар қандай уруш-низолардан воз кечиш сиёсатини илгари суради. Хиппининг энг машҳур шиорларидан бири: “Муҳаббатли бўлинг, урушманг” қабилидаги «Make love, not war!»дир.

*   *   *

Абдулҳамид Авенс – ёши 70 ни қоралаган, истарали, ўрта узунликда соқол ўстирган, ўткир нигоҳли, бир вақтлар хиппи бўлган одам.  У ўзининг “Гулларнинг болалари” орасида бўлган вақти ва 30 йил бурун Ислом унга кучли таъсир кўрсатиб, ҳаётини буткул ўзгартириб юборганини қуйидагича хотирлайди.

“Онам британиялик, отам уэллислик эди. Мен улар Нью-Йоркка кўчиб келганидан сўнг туғилганман. Кейин биз мен британияча таълим олишим учун Англияга қайтганмиз.  Отам ҳам, онам ҳам руҳиятшунос эди.  Оиламиз динга рағбатли эди деб айта олмайман. Аммо мен 10-11 ёшларимда черковга қатнашни ёқтириб қолдим. Менга ўзимни насроний сифатида ҳис қилиш, черковдаги ибодатларда қатнашиш ёқар эди, бироқ бу узоқ давом этмади – болалигим поёнига етиб ўсмирлигим бошланганда барҳам топди. Кейинчалик Рождествони эл қатори байрам қилибган бўлсам-да, динга ихлосим қолмади.

60-йилларда шовқин-сурон солиб хиппи ҳаракати бошланди. Мен эса ҳар доим ўз йўлимни, ўзимнинг яшаш тарзимни топишни истар эдим. Ана шу туйғуларим таъсирида мактабни тугатгач, “Гулларнинг болалари”га қўшилдим-да, улар билан бирга тоққа чиқиб кетдим.  Ўша ерда биринчи хотинимни учратдим.

60-йилларда хиппини фақат “ишратпарастлик, гиёҳвандлик ва рок-н-ролл” қизиқтирар эди. Шунингдек, уларни табиат қонунларига мувофиқ тарзда табиий равишда жамоа бўлиб ҳаёт кечириш ғояси бирлаштириб турар эди. Ҳатто янги жамият барпо этиш учун пулларини ҳам умумий ғазнага тўплаш ғоясини илгари сурар эди.

Ўша кезларда мен дин ҳақида мутлақо ўйламас эдим. Гўёки менинг ҳаётимда унга ўрин йўқдек эди. Аммо бир сафар шаҳарга тушганимда тасодифан кўп йиллардан бери Ислом билан қизиқиб юрадиган эски танишимни учратиб қолдим. У мени менда жуда катта тассуротлар уйғотган  мусулмонлар жамоаси билан таништирди.

Уларнинг аксари қачонлардир хиппи жамоасида яшаган  мен ва бошқалар билан деярли тенгдош эди ва келиб чиқиши ҳам бир эди. Улар мени қизиқтирган саволларнинг жавобини ва жамиятни қандай шакллантиришни аниқ билар эди. Уларнинг ахлоқи, бир-бири билан муносабати, ҳамма-ҳаммаси мени ўзига торта бошлади. Мен бу одамларнинг мусулмонлигини, бунинг ҳаммаси ислом эканини кўриб жуда қаттиқ ҳаяжонга тушган эдим. Улар бораётган йўл мени ўзига шу қадар жалб қилдики, бошқа ҳеч қандай динга ҳам, таълимотга ҳам эҳтиёжим қолмади.

Менга эшитганларим ва кўрганларимни онгимга сингдириб олиш учун бир оз вақт керак эди. Бироқ ёлғизликда 5-6 кун ўтказганимдан сўнг шунга иқрор бўлдимки, бунинг ҳаммаси – айни ҳақиқат. Қаршимда  калимаи шаҳодатни айтиб Исломга киришдан ўзга йўл қолмаган эди. Албатта, бошимда чарх ураётган шубҳа-гумонлар ҳамон тарк этгиси келмаётган эди. Ахир мен кечагина эркпараст хиппи бўлиб водопроводи, электр энергияси бўлмаган тоғу тошда дайдиб юрган эдим.  Боз устига хотиним, икки фарзандим, дўстларим... улар нима дейди?! Биринчи галда менинг ўзим... ҳаётимни тубдан ўзгартиришга тайёрманми? Ҳаётимнинг сўнгига қадар кунига беш маҳал намоз ўқишга, йилда бир ой рўза тутишга... қодирманми?  

Ўша чоқда хотиним оролга кетган эди. Унинг қайтишини кучли ҳаяжон билан кутар эканман, бу гапни унга қандай айтишни ўйлардим ва юз бериши муқаррар бўлган ҳиссиётлар бўрони ва жанжал-сўронга ўзимни руҳан тайёрлар эдим. Ҳақиқатан, тахмин қилганимдек бўлди... Хотиним менинг айтганларимни эшитиб даҳшатга тушди. У шу қадар қаттиқ бақир-чақир қилдики, уйимизнинг деворлари титраб, рақсга тушиб кетди. Ва охир-оқибат мен уйдан кетдим. Бу воқеа учинчи фарзандимиз туғилганидан кейин бўлиб ўтган эди. Мен ўзимга ўзим бу ҳолда бошқа яшай олмайман дедим. Мен мусулмонлар жамоасига эҳтиёж сезар эдим. Ирландиянинг баланд тоғлари тепасида яшар эканман  Исломга эргашишга ҳаракат қилдим, Рамазон рўзасини тутишга, намозларни вақтида ўташга жидду жаҳд этдим. Аммо бу ишларни ёлғизликда бажариш мушкул эди. Мен Исломдан шубҳаланар эдим, хиппиларнинг турмуш тарзидан янада кўпроқ шубҳаланар эдим... Шубҳа-гумонлар чидаб бўлмас даражага келди ва мен битта йўлни танлашим зарур эди.

Мен Исломни танладим ва кетдим.

Бахтимизга орадан бир неча ҳафта ўтиб хотиним фарзандларимни олиб қайтиб келди. Бир ярим йил давом этган қарама-қаршиликлар ва мен кетганимдан икки кун ўтиб у муслима аёл билан танишиб қолибди. Муслима аёл унга Аллоҳ таолони, Исломни шу қадар чиройли тушунтирибдики, у ўша сўзлар таъсирида Исломга кирибди. Кейин у умрининг охирига қадар Исломда яшаб мўминаларга хос ҳаёт кечирди. Фарзандларимиз ҳам исломий тарбия кўриб вояга етди.

Хуллас, бизнинг тарихимиз қуюндек шиддатли  бошланди, аммо шодумонлик ила давом етди.

Калима шаҳодатни айтиб имон келтирганимда руҳим енгил тортиб қолганини ҳали ҳам хурсандчилик билан эслайман. Бироқ ўзгариш Аллоҳ таолонинг ягоналигини тилим билан айтгунимга қадар юз бера бошлаган эди. Мен мусулмонлар жамоасида бўлиб улар бажарган ишларни бажаришга уринар эдим ва кўплаб фойдали нарсалар топар эдим. Масалан, ибодатни бошлашдан олдин таҳорат олиш ёки ҳожатга кирганда покланиш: “Вай! Бу дин ҳамма нарса ҳақида қайғурар экан, ҳатто  гигиенани ҳам ўргатар экан!”

Шунингдек, таомга ҳам муносабатим ўзгарди. Бурунлари ҳар доим қорним очганидан эмас, кўникма ҳосил бўлгани учун овқат еган бўлсам, рамазонда сабр қилишимга тўғри келди. Рўза тутиш ва намоз ўқиш чоғида жамоат ичида туриб улар каби сабрли, ихлосли бўлиш учун Аллоҳ таолони, Унинг ажру мукофотини эслайман.  Аллоҳ таолони ана шу эслашлар – намозларни вақтида адо этишим, муборак ойда рўзани камолу ихлос ила тутишим – қалбимда сўз билан таърифлаб бўлмас даражада ажойиб туйғулар уйғотар эди, мен тўғри жойда, тўғри вақтда тўғри ишни қилаётганимга ишончим комил эди. Ахир айнан шу нарсалар – ўзи билан ўзи тинчлик ўрнатиш ҳамма учун муҳим эмасми? Инсоннинг қалбини васваса ва сиқилишлардан халос этиб, унга хотиржамлик бахш этадиган Раббимизнинг марҳаматидан умид қилишнинг энг самарали йўлидир.

20 ёшимда ўзимга йўл қидириб, менинг тақдиримда динга энди ўрин йўқ деган қарорга келган эдим. Тасодифни қарангки, собиқ хиппи 1978 йилда ҳаётимнинг тамаддундан узоқ тоғлардаги нурсиз кунларини ортда қолдириб дафъатан мусулмон бўлдим. Аммо Ислом фақат буларни ўзгартирмади, у менинг оилага бўлган муносабатимни ҳам ўзгартирди. Мен ўзимни уч фарзанднинг отаси бўлган оилабоши сифатида масъулиятли  ҳис қилиб, керак қарорлар қабул қилишда қатъиятли ҳис қила бошладим. Дўстларимга нисбатан муносабатимда ҳам ўзгаришлар бўлди.  Ҳақиқий дўстларни ҳам ҳаётий аъмоларингизни ўзгартирганда таниб олар экансиз: кимдир қизиқа бошлайди, кимдир сизнинг ғайритабиий ишларингиз устидан кулади ва секингина сиздан узоқлаша бошлайди. Шундай қилиб, биз тоғдаги ҳаётимизга якун ясаб шаҳарга тушиб келдик.  Бизга кўп одам қўшилмади: Эски қадрдонларимиздан Исломни танлаган бешта оила, холос.  

Мен кимдир Исломга кирмочи бўлиб иккиланиб турган бўлса, унга ҳеч иккиланмасликни маслаҳат бераман. Телевизорда кўраётганингиз ва газеталарда ўқиётганингизга асло ишонманг! Эҳтимол, оила аъзоларингиз, қавму қариндошларингиз, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз, раҳбарларингиз... нима деркан деган хавотирдадирсиз. Ёдда тутинг, бу сизнинг ҳаётингиз, Яратувчи билан сизнинг ўртангиздаги ўзаро муносабат. Қалбингизга қулоқ солинг ва ўз йўлингизни топиб олинг!

Манба: overcome.tv

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди

Read 9141 times

Мақолалар

Top