Мақолалар

Тошкентда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади

Шу йилнинг 25 ноябрь куни пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиев ҳамда Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев, шунингдек, туркий давлатлар уламолари, диний соҳа вакиллари ҳам иштирок этади.

Анжуманда давлатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, диний идоралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунинг билан бирга, кўп асрлик миллий ва диний анъаналаримизни кенг тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, диний идоралар раҳбарлари биргаликда замонавий фатволар ишлаб чиқиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш ва бугунги кунда мусулмон уммати учун муҳим бўлган масалалар юзасидан ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашадилар.

Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари йиғилишига ҳамоҳанг равишда Туркий давлатлар уламолари биринчи форуми ҳам ўтказилади.

Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг илк тарихий йиғилиши 2022 йилнинг 15 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилди. 2022 йилнинг 21 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти муфтийлар кенгашининг Озарбайжоннинг Баку-Шуша шаҳарларида ўтказилган тарихий йиғилишида “Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотларининг раҳбарлари кенгашини ташкил қилиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши туркий дунёнинг диний идоралари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аллоҳ таоло мазкур йиғилишларни хайрли, қардош халқлар ва бутун мусулмон уммати учун манфаатли бўлишини насиб этсин!

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 1240 times

Мақолалар

Top