Мақолалар

“Арқонни уз!” (1 қисм)

Алпинистликка қизиқадиган бир киши дунёнинг энг баланд ва энг хатарли тоғ чўққисига чиқиш орзусида эканини эълон қилибди. Узоқ йиллик тайёргарликдан сўнг машҳурлик чўққисига эришиш мақсадида ушбу таваккалга бир ўзи қўл урибди.

Орзусини омалга оширишда керак бўладиган ҳамма нарсани олиб тузган реъжаси бўйича йўлга отланибди.

Тоғ чўққиси сари кетаётганда бирдан атрофини зимистон ўраб олибди. У анчагина йўлни босиб ўтган эди. Қаршисида йўлни давом эттиришдан бошқа имкон қолмади. Бу зулмат унга қандай "совғалар" тайёрлаб қўйганини билмас эди.

Шу вақт тўсатдан мувозанатни йўқотиб, тоғнинг чўққисидан қулаб тушди. Мақсад қилган чўққисига етишга озгина қолган эди!

Қулаётганда арқонни ушлаб, унга осилиб қолди. Арқоннинг илгаги тоғдаги бир тошга боғланган эди.

Алпинист ўзини ҳаво тебраниб тургандек, қадами остида ҳаводан бошқа ҳеч нарса йўқдек ҳис қилди. Қонга бурканган қўллари арқонни аранг ушлаб турарди. Бу зимистон ва қаҳратонда у чуқур-чуқур нафас олар, юраги шиддат билан уриб турарди. Жароҳатланган қўли билан ҳамон арқонни ушлаб турарди.

У нима қиларини билмай, нажотдан умидини узгач бор овози билан: "Худойим, Худойим! Мени қутқар, мени қутқар" деб жар солди. Лекин овозининг акс-садосини эшитди холос.

Шу вақт бироз чўнган жимжитлини бузиб номаълум бир овоз келди:

- Нима қилишимни истайсан?

- Ё Робб, мени қутқар!

- Сени қутқаришга қодирлигимга ҳақиқатан ҳам ишонасанми?

- Худойим, тўлалигича ишонаман, Сендан бошқа ким ҳам мени қутқара оларди?!

- Унда нажот топай десанг, ушлаб турганинг арқонни кес!

- Арқонни?! Мени қулашдан тутиб турган арқонни-я?! Ахир ундан бошқа тиргагим йўқ-ку!

Озгина вақт иккиланиб барибир арқонига маҳкам ёпишиб олди, уни кесмади...

Эртаси куни қутқарув гуруҳи қўли билан арқонга илашиб турган, совуқдан бутунлай музлаб қолган бир одамни топиб олишди. У ердан атиги бир метр баландда осилиб турган экан!..

Ҳа, баъзи одамлар "ҳавои нафс" дейилмиш арқонни тутиб, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини унутишади.

Қуръони каримда бу каби арқонни узган зотлар ҳақида бир қанча қиссалар бор. Шунингдек унга тирмашиб олганлар ҳақида ҳам. Масалан Иброҳим алайҳиссалом қавмлари у зотни манжаниққа солиб оловга улоқтиришганда бошқа барча арқонларни узиб, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини тутгандилар ва қайта-қайта: "Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил" (Оли Имрон сураси, 173-оят), деган эдилар.

Яна бир намуна, Лут алайҳиссалом аҳлларидан узилиб Аллоҳ томон юзланган эдилар: "Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди" (Анкабут сураси, 26-оят).

Аллоҳнинг арқонидан ўзга арқон йўқ, Аллоҳнинг йўлидан ўзга йўл йўқ: "Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир (Нуҳдан кейин келган Иброҳим Пайғамбар, Аллоҳнинг йўлини тутишда у билан бир гуруҳдан эди). Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди" (Соффат сураси 83-84 оятлар). Яъни, Аллоҳга бўйсуниб, Робби олдида ўзини хокисор тутиб келмишди...

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 889 times

Мақолалар

Top