Мақолалар

Марям алайҳассалом қиссаси менга ўргатди...

Марям бинти Имронга ўта қабиҳ туҳмат тоши отилди. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло унга қарата: “Е, ич ва кўзинг қувонсин” (Марям сураси, 26-оят), деди.

Ҳаётингни яша, ўзингни бахтиёр қил. Баъзи нарсалар борки, Аллоҳ Ўзи воқеъ этади. Ўйлайвериб, ўзингни қийнама. Аллоҳнинг гўзал тадбири бор!

Марям алайҳассалом қиссаси менга: синов қанча бўлса мукофот ҳам шунга яраша бўлишини ўргатди. Зеро Марямни Аллоҳ таоло ғайриоддий иш (олдида мевалар пайдо бўлиб қолиши) билан синади. Бунинг натижаси, мукофоти – у жаннат аҳли хонимларидан бўлди.

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна шуни ўргатдики: Аллоҳ сизга сабабларни бажаришни буюради токи сиз сабабларни бажаришга ўрганишингиз учун. Борди-ю сабабларсиз тўғридан-тўғри ризқлантирса, бу Унинг фазли-карамидан бўлади. Аллоҳ таоло Марямга: “Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади” (Марям сураси 25-оят), деди. У тўлғоқда бўла туриб шундай қила олармиди?!

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна иффатли аёл бегона одам билан доим эҳтиёткорлик билан муомала қилиши лозимлигини ўргатди. У Жаброилга нима деганди? “У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди” (Марям сураси, 18-оят).

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна босган қадамидан кўнгли тўқ бўлган, Мавлосига таваккал қилган аёлни ёмонларнинг садоси қўрқита олмаслигини ўргатди. Мана бокира Марям алайҳассалом доим Аллоҳ билан бўлди, шу сабаб Аллоҳ унга Ўзи кифоя қилди, Ўзи ҳимоялади.

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна жим туриш гоҳида даво бўлишини ўргатди. Хусусан, ҳар хил гап-сўзларни гапирадиганлар ичида қолсангиз. “Бас, бирор одамни кўрар бўлсанг: «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин” (Марям сураси, 26-оят).

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна шуни ўргатдики, ибодатда бардавом бўлиш, сажда қилиш, рукуъ қилиш яхшиликларни жалб этувчи ва ёмонликларни даф қилувчи энг улуғ нарсалар экан. “Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил” (Оли Имрон сураси, 43-оят).

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна Қуръон аёлни жуда эъзозлаганини ва унинг исмига “Нисо” (“Аёллар”) ҳамда “Марям” сураларини қўйганини ўргатди.

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна шуни ўргатдики, Роббимга ҳеч нарса қийинмас экан. Марям сураси Аллоҳ бўлиши мумкин эмас ҳолатда бачадонда бола пайдо қилишини, сабрли бандаси модомики Саховатли Роббига сано айтар экан, унга кўз очиб-юмгунча шодлик нурларини нозил этишини ҳикоя қилади.

Марям алайҳассалом қиссаси менга яна Аллоҳни таниган банда ноумид бўлмаслигини уқтирди. Марям ноумид бўлмади, ҳамманинг жони Аллоҳнинг қўлидалигини, ҳамма иш Аллоҳнинг измида эканини билди. У зоти шарифа яна шуни билардики, синовдаги энг гўзал нарса – ғамдан фориғ бўлиш, хурсандчилик ўйламаган тарафингиздан келади!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 831 times

Мақолалар

Top