Мақолалар

Саждага бораётганда тизза аввал қўйиладими ёки қўлларми?

Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин-кетин ерга қўйилади, яъни, аввал тизза, кейин қўллар ва юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни, юз, қўл, тизза.

“Фатавои Ҳиндия” китобида бундай дейилади: “Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...”.

“Мухтасару-л-виқоя” китобида эса: (Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...”, дейилган.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим”, дейилади (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Бошқа ривоятда эса: “Биз ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг намозларидан шуни ўргандикки, у киши руку қилганларидан кейин ҳудди туя чўккалагандек чўккалар эдилар ва тиззаларини қўлларидан аввал ерга қўярдилар”, дейилади (Имом Таҳовий Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Бу борада яна бошқа бир қанча ҳадислар мавжуд. Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, “сажда қилишда аввало ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади”, деган фикрга иттифоқ бўлганлар.

Оёқларнинг бармоқлари қиблага қараган ҳолда эгилиб, аввал тизза ерга қўйилади. Сўнгра, бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади.

“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

Read 1122 times

Мақолалар

Top