Мақолалар

Ҳожарнинг қиссаси менга ўргатди...

Ҳожарнинг қиссаси менга: ким Аллоҳга яхши гумонда бўлса, Аллоҳ уни зое қилмаслигини ўргатди. Ҳожар Иброҳимга кетишни буюрган зот Аллоҳ эканини билгач, "Ундай бўлса Аллоҳ Ҳожарни ҳам, унинг амалини ҳам зое қилмас!" деди.

Ҳожарнинг Сафо ва Марво орасида юргани ҳақидаги қисса менга шуни ўргатдики, сиз бир тарафдан ризқ эшикларини қоқаркансиз, лекин Аллоҳ сиз умуман ўйламаган тарафдан ризқингизни бериб қўяди.

Ҳожарнинг қиссасидан яна Аллоҳнинг фазли жуда кенглигини, сўраганингиздан кўпини беришини ўргандим. Ҳожар фарзандининг чанқоғини қондиришни сўраганди, Аллоҳ унга замзам қудуғини берди!

Ҳожар қиссаси шунингдек, ризқлар сабабларга чекланиб қолмаганини, "фақат сабабларни амалга оширсагина ризқ келади", деб ўйламасликни ўргатади. Биз сабабларни Аллоҳ буюргани учун бажарамиз. Шундай экан, қалбингизни сабабга эмас, Аллоҳга боғлашга ўрганинг.

Ҳожар қиссаси менга яна шуни ўргатдики, Аллоҳга ихлос, сидқидил бирла дуо қилсангиз, Ўзи сизга меҳрибон бўлар экан, бошқаларга бермаган ризқларини сизга берар экан.

Аллоҳ бизга оналаримиздан ҳам, оталаримиздан ҳам раҳлироқ экан. Мана Ҳожарга қаранг: у бир ўзи водийда ҳамроҳсиз қолган эди, лекин шунга қарамай унга Аллоҳнинг раҳматлари ёғилди. Чунки у Саховатли зотнинг эшигини қоққан эди-да!

Ҳожар қиссаси менга эрга итоат қилишнинг фазилати нақадар буюклигини ўргатди. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар ва эмизикли фарзанди Исмоилни Байт олдига қўйиб кетди. Ҳожар эса эрига сўзсиз бўйсунди.

Ҳожар қиссаси яна Аллоҳ таолонинг ушбу оятини доим ёдда тутишимиз лозимлигини ўргатди: "Албатта, Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг, гўзал иш қилганларнинг ажрини зое қилмасмиз" (Каҳф сураси, 30-оят).

Ҳожар қиссасида яна бир ҳайратланарли жиҳат шундаки, Иброҳим алайҳиссалом уларнинг ҳаққига омонлик сўраб дуо қилмадилар, аксинча уларнинг ҳолини Аллоҳга топширган ҳолда қуйидагича дуо қилдилар: "Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимдан, сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар" (Иброҳим сураси, 37-оят).

"...намозни тўкис адо этишлари учун" деганларининг сабаби – намоз барча яхшиликларни жалб этади. Шунинг учун яхшиликка етаман деган одам аввало намозга маҳкам бўлиши даркор!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 885 times

Мақолалар

Top