Мақолалар

Сабрли бўлинг, умидингизни узманг!

Гоҳида ўзингизни боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис қиласиз, бироқ ортга чекинманг. Эшик орқасидан овозингиз билан чақирсангиз-у эшик очилмаса, эшикни қўлингиз билан тақиллатинг, эҳтимол ичкаридаги одам қулоғи оғир бўлиб сизни эшитмай қолгандир!

Яна бир бор тақиллатинг, эҳтимол калит эгаси кетиб, ҳали қайтмагандир!

Учинчи марта… ўнинчи марта тақиллатинг! Шунда ҳам эшик очилмаса, қўлингиз билан секин итариб кўринг, кейин қаттиқроқ итариб кўринг. Билингки, ҳар қандай қулф эшик албатта очилиши керак! Эшик борми, демак уни очиш имконияти ҳам бор!

Сабр қилинг, умидсизликка тушманг! Ахир қанчаларимиз юзлаб қулф эшикларга дуч келсакда, ортимизга чекинмаганмиз, умидсизланмаганмиз. Агар умидсизликка тушганимизда эди ўша эшиклар олдида қолиб кетган бўлардик!

Ноумидлик қайсики жамиятга ўрнашса, ўша умматни ўчириб қўяди. У кимники қалбига кирса, заифлаштирмай қўймайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳақиқатда Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар” (Юсуф сураси, 87-оят).

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш Қуръонни ёлғонга чиқариш ҳисобланади, негаки Аллоҳ таоло: “Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир” (Аъроф сураси, 156-оят) деган, Унинг сўзи ҳақдир!”

Қалблари Аллоҳга боғланган мўминлар гарчи уларни қийинчилик ҳар тарафдан қуршаб олса ҳам, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмайдилар.

Ўзингизни зое бўлаётгандек ҳис қилсангиз айбни ўзингидан изланг, зеро қалбингизда Аллоҳга иймон, ишонч бўлса зое бўлишингиз асло мумкин эмас!

Дунё менга зулм қилди деманг, сиз ўзингизга зулм қилгансиз!

Яқин дўстларим ортимдан пичоқ санчдилар деманг, гоҳида бепарволигингиз, хушёрликни йўқотганингиз ёки сабрсизлигингиз ва ўйламасдан иш қилишингиз туфайли ортингиздан пичоқ санчган одам ўзингиз бўлиб чиқасиз.

Ҳаётингиз баҳорида бўла туриб, ўзингизни куздаман деб ўйламанг!

Ичингизни орзуга тўлдиринг, чунки орзу қалблардан умидсизликни кетказур.

Бир километр йўл умидсиз, ўзига ишонмайдиган одамнинг кўз ўнгида минг километрдек кўринади. Яхши томонини ўйлайдиган, баланд орзулар сари интиладиган одам кўз ўнгида эса бир неча метрдек кўринади холос!

Умидсиз одам озгина масофани узоқ вақтда кесиб ўтади, чунки у юриши давомида ортига қарайверади, ҳар ортига қараганда “Атиги шунча йўл босибман”, деб ҳафсаласи пир бўлади, натижада маррага жуда кеч етиб боради.

Оптимист одам эса масофани қисқа вақт ичида босиб ўтади, чунки у доим олдига қарайди, маррага қараб интилади.

Кўзлари орқада бўлган ҳолда юрадиганлар манзилга асло етиб бора олмайдилар!

Умид чироғи йўлингизни, Роббингизга бўлган иймонингизни ёритиб туради.

Шундай экан ерда юрганингизда ишончли, мустаҳкам йўллардан юринг. Йўл қанчалик узоқ кўринса ҳам, умидсизлик зулмати қалбингиздан ишонч нурини суғириб олишига йўл қўйманг!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Аллоҳдан Унинг фазлини сўранглар, зеро Аллоҳ сўралишни яхши кўради. Ибодатнинг энг яхшиси енгилликни кутишдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: “Субҳ яқин эмасми?!” (Ҳуд сураси, 81-оят)

Ғамга чўнганларнинг тонги албат ёришади!

Тонгга боқинг ва Фаттоҳ Зот йўлингизни очиб беришини кутинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1212 times

Мақолалар

Top