Мақолалар

Ўтган ишга кўз-ёш тўкманг

Ўтган ишга кўз-ёш тўкиб, ҳасрат чекиб ўтирадиганларга дунё кулиб боқмайди. Шунингдек бошқаларнинг қийинчилиги устидан кулиб, вақтларини зое кетказадиганларга ҳам кунлар шафқат қилмайди. Кунлар ўтиб кетаверади, улар эса ортда қолиб кетаверадилар.

Тўкилган сутга, яъни қўлдан кетган ишга ўксиниб ўтирманг, балки ишингизга қўшимча куч, саъй-ҳаракат беринг, токи бу ҳаракат сизни қўлдан чиқарганларингиз ўрнини ёпадиган ютуқларга эриштирсин!

Агар қандайдир ишни бажаришда фурсатни қўлдан бой берсангиз ва бундан ичингиз алангаланса, унинг оловини ушбу оят билан ўчиринг:

“Шояд Роббимиз унинг ўрнига ундан кўра яхшироғини берса. Биз ўз Роббимизга рағбатлимиз, дедилар” (Қалам сураси, 32-оят).

Ҳеч қачон афсусланманг, агар олдинги ишингиз натижаса яхши бўлган бўлса, кейинги сафаргиси зўр бўлади. Агар ёмон бўлган бўлса, тажриба бўлади.

Ўтган иш ҳақида ўйлаб, унинг атрофида айланиб юрманг, агар унда яхшилик бор бўлганида эди унга ҳозир эришган бўлардингиз!

Дунё сизга қанчалик торлик қилса ҳам, муаммоларингиз қанча кўпайса ҳам, машаққатлар сизга кетма-кет тўқнашса ҳам, сизда ўзингизни ўнглашга, янгидан ҳаракат қилиб кўришга имкон бўлади. Албатта ўзингизда азму-қарор топа оласиз!

Қандай бўлиши ҳақида ўйлаб вақтингизни зое кетказманг, дарров ишга киришинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини доим ёдингизда тутинг:

“Сенга бирор мусибат етса, “Шундай қилмаганимда бундай бўларди, ундай бўларди”, дема. Балки: “Аллоҳ шуни тақдир қилди, Аллоҳ нимани хоҳласа қилади”, деб айтгил. Чунки “Ундай қилмаганимда эди, бундай қилмаганимда эди” каби сўзлар шайтонга иш очиб беради” (Имом Муслим ривояти).

Умид учқуни қанчалик кичик бўлмасин, ҳаёт қийинчиликлари ортидан қанчалик заифлашмасин асло ўчмайди. Чунки қалбингиздаги умид боғичининг нариги тарафи Аллоҳга боғлангандир!

Мододмики Аллоҳ сиз билан экан, умидсизлик сизга раҳна солмайди. Фақат сизнинг вазифангиз – Аллоҳдан умидингизни униб-ўсиши, бутун вужудингизга ёйилиши учун ишонч билан озуқалантиришингиздир!

Кўпчилик одамлар сизда умидсизлик уйғотишга ҳаракат қилишади, сизга доим “Бўлди, таслим бўл, энди ортингга қайт”, деб айтишади. Сиз уларга эътибор берманг, қайрилиб ҳам қараманг, ўзингиз учун танлаган йўлингиздан юришда давом этинг. Зеро ҳақ узра собит туриш нақадар ҳам катта жасорат!

Аллоҳ қудрати, фазлу-марҳамати шу қадар кенг Зотки, сиз ўта умидсизликка тушгандан “Калити яратилмаган ҳам бўлса керак”, деб ўйлаганингиз эшикни ҳам очиб бера олади. Асосийси сиз шунга ишонсангиз, Аллоҳдан мадад сўрасангиз, ҳақ йўлда собит турсангиз бўлгани!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1364 times

Мақолалар

Top