Мақолалар

Қизингиз сирдошингиз бўлсин

Мактабга чиқа бошлаган илк даврларимданоқ онам менга кўпчиликка айтмайдиган махфий гапларни айтардилар. Билмадим, оилада тўнғич фарзанд бўлганим учунми ёки ягона қизлари бўлганим учунми барча сирларини менга ишонардилар. Онам менга айтадиган гапларни ҳатто отам ҳам билмасдилар. Буни менга онамнинг ўзлари айтганлар. Бир неча бор гаплашиб бўлганимиздан сўнг “Дадангга индамагин-а, улар ҳам билмайдилар” деганлар. Мен гўёки онамнинг сир сақлайдиган сандиқларига айланган эдим. бошларидан ўтаётган, кўнгилларидан ўтказган нимаики бўлса, менга айтардилар. Яна бунинг устига мендан баъзи ишларида фикрримни сўрар ва гапимни охиригача оғринмай, малолланмай эшитиб ўтирардилар.

Мен ҳайрон бўлардим: нега онам менга ҳамма сирларини ишонадилар? Ҳатто дадамга айтмаган сирларини ҳам менга айтадилар? Бу бир тарафдан мени таажжублантирса, бошқа тарафдан мени хурсанд қиларди. Чунки мен ўзимни онамга керакли бўлган муҳим инсонлигимни ҳис қилардим. Онам ҳақида холаларим ҳам билмаган нарсаларни билишимдан қувонардим.

Орадан йиллар ўтди. Ўсмирлик ёшига етдим. Бу давр қиз боланинг энг нозик пайти ҳисобланади. Одамлардан қочадиган, унча-мунча одам билан тил топиша олмайдиган, одамови, айниқса, ота-онасидан узоқлашиб қоладиган даври бўлади. Кўп қизлар бу ёшда сирларини энг яқин дугонасига айтади ёки бўлмаса бирор кундалик тутиб ўша дафтарга ичидаги борини тўкиб солади.

Лекин менда бутунлай ўзгача ҳолат юз берди. Мен энг яқин дугоналаримга ҳам айтмаган сирларимни онамга айтардим. Чунки онам ўз сирларини менга ишонганларини билганим учун мен ҳам қалбимдаги гаплардан онам бохабар бўлишларини истардим. У кишининг маслаҳатларига қулоқ солардим. Волидамнинг ҳаётий тажрибаларига ишонардим. Шу сабабли ўсмирлик даврим жуда гўзал ўтди. Кўплаб тенгдошларим бу ёшда йўл қўядиган хатолардан, баъзида бир умр афсусланишга сабаб бўладиган воқеалардан Аллоҳ таоло мени онамнинг шарофатлари билан асраб қолди.

Аллоҳ умрларини узоқ қилгур онажоним жуда дона аёл эканлар. Менга сирларини бежизга ишонмас, бекорга мени ўзларига яқин олмас эканлар. Бу ишлари орқали менинг ичимда ҳам ўзларига нисбатан буткул ишонч ҳиссини пайдо қилган эканлар. Мен бу нарсани қизларим катта бўлиб ўсмирлик ёшига етганларида англадим. Ҳозир мен ҳам қизларимга онам каби ўз сирларимни айтаман. Уларни ўзимдан қочирмай, имкон қадар яқин тутуаман. Онам менга қўллаган услубни уларга қўллашга ҳаракат қиламан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 883 times

Мақолалар

Top