Мақолалар

Аллоҳга таваккал қилинг!

Машҳур ишбилармонлардан бири билан бўлган интервюда ундан ҳаётидаги эсда қоларли, энг ажабланарли воқеа ҳақида сўрашибди.

У айтибдики: “Бир куни тунда ўзимда иккиланиш, тараддудланиш ҳис қилдим, кейин очиқ ҳавога чиқиб сайр этишга қарор қилдим. Эшиги очиқ бир масжид ёнидан ўтдим. Ичимда ўзимга-ўзим: “Кириб, икки ракъат намоз ўқисам бўлмайдими?!” дедим ва масжид ичига кирдим, қарасам масжидда бир киши қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб дуо қилаётган экан. У ёлвориб дуо қилаётган эди. Шундан билдимки, унинг бирор муаммоси бор экан. Дуо қилиб бўлгач олдига бориб, дедим: “Бирор муаммоси бор одамдек дуо қиляпсиз, нима гап ўзи?” У: “Бўйнимда қарзим, шу мени безовта қиляпти”, деди.

- Қанча?

- Тўрт минг.

Чўнтагимдан пулни чиқариб унга тўрт минг бердим, у жуда хурсанд бўлди ва менга раҳмат деб, ҳаққимга дуо қилди. Кейин ташриф қоғозимни олиб унга: “Буни олинг, бирор эҳтиёжингиз ёки муаммойингиз бўлса ҳеч иккиланмай ишхонамга келинг ёки қўнғироқ қилинг!” дедим. Мен уни бу таклифдан хурсанд бўлади деб ўйлагандим, бироқ унинг жавоби мени ҳайратда қолдирди! Биласизми нима деди?! Айтдики: “Йўқ, биродар, Аллоҳ сизни мукофотласин, бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Мен бирор эҳтиёжим бўлса дарров икки ракат намоз ўқийман ва қўлимни дуога очиб, ҳожатимни Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ тез орада ҳожатимни раво этади, худди шу сафар сиз орқали раво этганидек!”.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини шунда тушуниб етдим: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, Аллоҳ худди қушга ризқ бергандек – бўм-бўш келиб, қорин тўйғазиб кетганидек, ризқингизни беради”.

Масжиддан Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини такрор-такрор қайтариб чиқдим: “Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир” (Фурқон сураси, 58-оят).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1146 times

Мақолалар

Top