Мақолалар

Абдуллоҳ ибн Муборак: Исм ва насаблари – 2 қисм

Ибн Муборакнинг исмлари баъзи таржимаи ҳол китобларида[1] оталари исмидан қисқартириб олинган дейилса, баъзиларида[2] боболариникидан дейилади.

У киши Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Водиҳ Ал-Ҳанзалий Ат-Тамимий мавлолари, Абу Абдурроҳман Марвазий. У табаъ тобеъинлардан, бани ҳанзала мавлоларидан.

Ибн Жавзий “Мудҳиш”да келтирадилар: “Абдуллоҳ ибн Муборак исми билан номланувчилар олтита. Биринчиси – Марвазий, бу киши мана шу. Иккинчиси – Хуросоний. Учинчиси – Бухорий. Тўртинчиси – Жавҳарий. Қолганлари Бағдоддан”[3].

Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оналари Хоразмдан, оталари турк бўлган. Оталари Бани Ҳанзаладаги Ҳамзон исмли тижоратчининг қули бўлганлар. У киши тақводор, солиҳ, ибодатгўй, хилватни севувчи, ўта даражада парҳезкор эди. Тарих саҳифалари бизга у киши ҳақларидаги ажойиб ҳодисани ёзиб қолдирган:

Абдуллоҳнинг оталари Муборак хўжайинларининг боғида ишлаб юрар эди. Бир куни боғ эгаси Муборакдан ширин анор келтиришини сўради. Анор келтирилиб,  ичи ёрилганда хом бўлиб чиқди. Шунда хўжайин жаҳли чиққанча, “Мен сенга ширин анор келтир, десам, хомини олиб келасан-ми?!” деди. Муборак яна бошқа бир дарахтдан янги анор келтирди. Униси ҳам хом чиқди. Бу ҳолат учинчи бор такрорланганда  хожанинг ғазаби кучайиб деди:

- Нима, сен ширин мева билан хомини фарқига бормайсанми?

- Йўқ.

- Бу қанақаси бўлди?!

- Боғдаги бирорта мевадан татиб кўрмаганман.

- Нима учун татиб кўрмадинг!?

- Чунки сиз боғдаги мевалардан еб кўришимга изн бермагансиз – да...

Хожа бундан таажжубга тушди. Муборак унинг кўзларига юксак инсон бўлиб кўринди. Унинг қадри ошди.

Боғ эгасининг бир қизи бўлиб, совчилари кўп эди. Муборакка деди:

- Эй, Муборак, қизимни кимга узатсам экан, нима дейсан?

- Жоҳилият аҳли обрўлига, яҳудийлар пулдорга, насронийлар чиройлига узатадилар. Бу уммат эса диёнатлига лойиқ деб билади.

Боғ эгаси унинг етук ақлидан лол қолди. Тезда бориб аёлига унинг хабарини берди ва “Қизимиз учун Муборакдан муносиброқ куёв топилмаса керак”, деди. Сўнг уни Муборакка никоҳлаб берди. Абдуллоҳ исмли фарзанд кўрдилар. Бу фарзандга отасининг яхшилиги ўтди, Аллоҳ таоло солиҳ фарзандлардан қилди.

Бу ажиб қисса Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оиласи тақводор, диёнатли ва солиҳ эканлигини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Муборакка ҳам гўзал хислатлар отасидан ўтган. Кўриниши ва шакли шамоили отасига ўхшагани каби, хулқи ва диёнати ҳам отасига жуда-жуда ўхшаган.

“Тарихи  Бағдод”да Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абу Разимадан  келтирилади: “Абдуллоҳ ибн Муборакдан эшитдим, у айтади: “Абу Ҳанифа отамга разм солиб: “Бу боланинг онаси сендаги омонатини адо этибди”, деди. Чунки у отасига қуйиб қўйгандек ўзи эди”.

Абдуллоҳнинг отаси ҳақида фақатгина юқорида зикр қилган воқеа маълум. Боболарининг эса исмлари маълум. Оталарининг бошқа фарзандлари бўлмаган.

Н.Саидакбарова,

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.

 

[1] Тарихи Бағдод, Ал-ибар фи ахбори мин ғубар, Ал-жаваҳирул мудийя, Ал-бидоя ван Ниҳоя.

[2] Таҳзибул асмо вал луғот, Тазкиротул ҳуффоз, Таҳзибут таҳзиб, Вафоётул Аъён

[3] Ал-аълом, Заркилий. 4:256

Read 958 times

Мақолалар

Top