Мақолалар

Касбларнинг энг яхшиси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ бандаларига ҳалол касб қилишни ва ҳаромдан қочишни амр этди.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол касб қилиш ва ҳалол яшаш йўлларини умматларига тушунтириб, ўз ҳаётларида амалга ошириб, кўрсатиб бердилар.

Маълумки, инсон ҳаётининг аксар қисми молиявий муомала билан ва шунга доир муаммолар таъсирида ўтади. Чунки турмуш шуни тақозо этади. Агар молиявий муомала, олди бердилар йўлга қўйилмаса, зарурий қоидалар ишлаб чиқилмаса, турмуш қийинлашиб, одамлар орасида келишмовчиликлар кўпайиб кетган бўларди.

Динимиз инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чақиради. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат  қилган: "Аллоҳ савдони  ҳалол, рибони ҳаром  қилди" (Бақара сураси, 275-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатиларига яраша касб қилишни фарз қилди: "Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд (шунда) нажот топурсизлар" (Жумъа сураси, 10-оят).

Яъни, Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин мусулмонларни намозни адо этгач, ер юзига тарқалиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда. Намоздан кейин ким савдосига, ким касал кўргани, ким илм талабига – ҳар ким ўз ишига қайтиши мумкин. Чунки ер юзи бўйлаб тарқалиш буйруғи мажбурий эмас. Лекин баъзи кишилар бу амрга жиддий амал қилишган.

Ибн Абу Хотимдан ривоят қилинади. Ирок ибн Молик розийаллоҳу анҳу жума намозидан сўнг масжид эшигидан чиқарканлар: “Эй бор Худоё, мен даъватингга жавоб қилдим, фарз намозингни ўқидим ва айтганингдек ер юзига тарқалдим. Менга Ўз фазлингдан ризқ бергин, Сен энг яхши ризқ берувчисан”, дер эканлар.

Қуръони каримда бу маънодаги бошқа оятлар ҳам мавжуд. Жумладан, Мулк сурасининг 15 оятида айтилади: “У (Аллоҳ) сизларга ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у(Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”.

Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти кариманинг тафсирини Исломда меҳнатга чорлаш, ризқ териш мақсадида ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш жоизлигига далил қилиб келтиришади. Бу оятдаги “юринг” деган хитоб мусулмонларни доимо касб-корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четланишга чақирган. Шу билан бирга, ризқ Аллоҳ таолодан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган. Яъни, мусулмон одам ер юзида ризқ талабида бўлиши ва ҳалол йўл билан касб қилиши керак.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: “Эй бечоралар жамоси, бошларингни кўтаринглар ва савдогардик қилинглар, албатта, йўлга кўз тиккан ва одамларга муҳтож бўладиган фақир бўлманглар”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Кимики динда фақиҳ бўлмаса, яъни савдо қилишнинг илмини билмаса, бозорда савдогарлик қилмасин”.

Динимиз ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабаларни ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ростгўй савдогар Қиёмат кунида аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривояти).
Савдо-сотиқда ростгўй бўлмаган ва тақво қилмаган кимсалар Қиёмат кунида гуноҳкор ҳолатда тириладилар.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, савдогарлар жамоаси!” дедилар. Ҳамма қаради, шунда у зот алайҳиссалом: “Албатта, савдогарлар қиёмат кунида гуноҳкор ҳолатда тириладилар, фақат ким (савдода) Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амалларни қилса ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадиси шарифдан тижорат шарафли касб бўлиши билан бирга ростгўй ва тақводор бўлишни талаб қиладиган ўта масъулиятли касб экани маълум бўлмоқда.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Бишр исмли савдода шериклари бор эди. Бишр савдо қилиш мақсадида Мисрга қараб йўл олди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унга ипак матодан етмишта кийим юбордилар. Шерикларига юборган молнинг маълум қисми айбли экани, уларни сотаётган вақтда олувчига айбини айтиб сотиши лозимлигини тайинлаб хат ёздилар. Бишр молларни ҳаммасини сотиб Куфага қайтди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ундан: “Ипак матоли кийимларни айбини айтиб сотдингми”? деб сўрадилар. "Уларни айтиш ёдимдан кўтарилибди" – деди Бишр ҳижолат бўлдилар. Шунда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ савдодан тушган фойда катта бўлишига қарамасдан уни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар. Мазҳаббошимизнинг бу парҳезкорликлари ва бошқанинг ҳаққидан ҳазар қилишлари барчамизга намуна ва ўрнак бўлиши лозим.      

Баъзи ҳукамолар дедилар: “Ҳар вақтики, савдо қилгувчида уч хислат бўлмаса, икки дунёда муҳтож бўлгай. Аввали – тили уч нарсадан пок бўлгай: ёлғондан, лағвдан, яъни, беҳудагўйликдан ва қасамдан. Иккинчи – дили уч нарсадан соф бўлгай: ёмон ният, хиёнат ва ҳасаддан. Учинчи – уч нарсага доимий эътибор қаратмоқ лозим: жума намозига ва жамоат билан намоз ўқимоққа ва баъзи вақтларда илм талаб қилмоққа ва бошқа одамдан Аллоҳ таолонинг ризолиги ва хурсандлигини ихтиёр қилмоққа”.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Касбларнинг энг яхшиси – тижоратчиларнинг касбидир. Улар гапирсалар ёлғон гапирмайдилар, уларга омонат қўйилса хиёнат қилмайдилар, ваъда берсалар хилоф қилмайдилар, сотиб олаётгаларини пастга урмайдилар, сотаётганларини бўрттирмайдилар, қарзларини беришни чўзиб юрмайдилар ва бировга қарз берганларида уни қистамайдилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кун бўйи ишдан, меҳнатдан чарчаб, кечқурун ҳалол меҳнатнинг чарчоғи билан ётса бомдодгача Аллоҳ унинг гуноҳини кечиради”, дедилар.

Ҳалол меҳнатнинг фазилати, ҳалол касбнинг шарофати гуноҳларини кечиришликка, тоатларнинг қабулига, фарзандларни ҳалол покиза ризқ билан боқишликка сабаб бўлади.
Мана шундай ҳалол касблардан, покиза ишлардан Аллоҳ ва Расули рози бўладиган амаллардан бири “ҳалол тижоратдир”.

Аллоҳ таоло ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётган, иқтисодий соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизга Ўзи тавфиқ, куч-қувват ато қилсин, қиёмат кунида ваъда қилинган улуғ ажрларни барчаларига насиб этсин. 


Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Read 1185 times

Мақолалар

Top