Мақолалар

“Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур”

Агар ёрдам ва муаммолардан чиқиш йўлини истасангиз Аллоҳга таваккал қилинг, зеро Аллоҳ таоло айтади:

“Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар”. (Оли Имрон сураси 160-оят).

Душманларингиздан юз ўгирганингизда ҳам таваккални ҳамроҳ тутинг:

“Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур”. (Нисо сураси 81-оят).

Сиздан халойиқ юз ўгирса ҳам Аллоҳга таваккал қилинг:

“Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин”. (Тавба сураси 129-оят).

Қуръон тиловатини эшидганингизда ёхуд ўзингиз Қуръон тиловат қилганингизда ҳам Аллоҳга таваккал қилинг:

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”. (Анфол сураси 2-оят).

Одамлар орасини ислоҳ қилмоқчи бўлсангиз, буни албатта, Аллоҳга таваккал қилган ҳолда бажаринг:

“Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккал қил”. (Анфол сураси 61-оят).

Сизга Аллоҳнинг қазои-қадари бирла турли мусибатлар етса, уларга Аллоҳга таваккал қилган ҳолда муносабат кўрсатинг:

“Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт”. (Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз.) (Тавба сураси 51-оят).

Душманлар макр тузоқларини қўйишганда сиз таваккал ерига кириб кетинг:

“Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим”. (Юнус сураси 71-оят).

Ҳар қандай иш Аллоҳга тақалишини, ҳаммаси Аллоҳнинг ҳукми остида эканини биларкансиз, таваккал ёпинчиғи билан ўраниб олинг:

“Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил”. (Ҳуд сураси 123-оят).

Аллоҳ якка-ю ягона Илоҳ эканини билар экансиз, суянишингиз, таваккалингиз фақат Унга бўлсин:

“Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт”. (Раъд сураси 30-оят).

Ҳидоят фақат Аллоҳдан, шундай экан ҳидоят томон шукр ва таваккул ила юзланинг:

“Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», дедилар”. (Иброҳим сураси 12-оят).

Аллоҳнинг душманлари ва шайтоннинг зараридан қўрқсангиз, фақат ва фақат Аллоҳнинг эшигини қоқинг:

“Албатта, иймон келтирганлар ва ўз Роббиларига таваккал қилганларга у(шайтон)нинг султони йўқ”. (Наҳл сураси 99-оят).

Аллоҳ ҳар қандай ҳолда вакилингиз бўлишини хоҳласангиз, таваккални маҳкам тутинг:

“Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур”. (Нисо сураси 81-оят).

Фирдавс Жаннати борар манзилим бўлсин десангиз, дунёда таваккал мақомини манзил тутинг:

“Улар сабр қилган ва Роббиларига таваккал қилганлардир”. (Наҳл сураси 42-оят).

Аллоҳнинг муҳаббатига эришай десангиз, Аллоҳга таваккал қилинг:

“Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Оли Имрон сураси 159-оят).

Аллоҳ сизники, сиз эса Аллоҳники бўлишни истасангиз, доим таваккал узра бўлинг:

“Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир”. (Талоқ сураси 3-оят).

“Бас, сен Аллоҳга таваккал қил. Албатта, сен очиқ-ойдин ҳақдадирсан”. (Намл сураси 79-оят).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 1407 times

Мақолалар

Top