Мақолалар

Тажриба қуёнчаси

Отам вафот этганларидан кейин бешта етим қизнинг тарбияси биргина онамнинг ўзларига қолди. Бечора онамизга мактаб ёшидаги бир эмас, бешта қизни боқиш, уларнинг таълим-тарбиясига қараш осон эмасди. Лекин онам жуда тадбирли, сабрли иффатли аёл эдилар. Минг машаққат билан бизни бировнинг қўлига интизор қилмай ўстирдилар. Баъзи оналар каби бизни кўчаларда тиланчилик қилиб юриш хорлигига ташламадилар. Баъзан ошхонада фаррошлик, баъзида эса ошпазлик қилардилар. Гоҳо шунча ишлари устига идиш-товоқ ювувчи ҳам бўлиб ишлардилар. Кўплаб касаликларини оёқда ўтказишларига тўғри келарди. Чунки бир кун ишга чиқмасалар, беш бола оч қолиши мумкин эди.

Ёшимиз катталашиб қўлимиздан иш келадиган бўлиб қолганда биз ҳам онамнинг ёнларига кириб ишларига ёрдамлашмоқчи бўлдик. Опа-сингиллар ўзимизча маслаҳат қилдик. Ҳар куни галма-галдан онам билан ишга кетишга келишиб олиб, кечқурун онам ишдан қайтганларида фикримизни айтдик. Лекин онам бунга мутлақо рози бўлмадилар. Бизнинг бироз ҳафа бўлганимизни сездилар шекилли, бизни юпатган бўлдилар: “Болажонларим, мени қийналяпти деб ўйлаб ёрдам бермоқчилигингизни билиб турибман. Лекин мен қийналаётганим йўқ. Агар сизлар мактабингларда яхши ўқисанглар, менга фақат раҳмат эшиттарсанглар, мен умуман чарчамайман. Ҳозир сизлар фақат ўқишинглар керак. Ишни ўзим эплайман”. Биз индамадик. Онам: “Қани дарсларингга туринглар-чи, ишни ўйламанглар” деб мавзуни ёпдилар. Шу билан бу ҳақда бошқа сўз очилмади.

Мактабни битиргач, опа сингиллар бирин-кетин тиббиёт коллежига ўқишга кирдик. Эмлаш муолажаларини ўрганишимиз учун кўпроқ эмлашимиз керак бўларди. Бир-биримизда синаб кўрайлик десак, опа-сингиллар доим бир-биримиздан қочардик. Касал бўлмасдан эмлатишни ҳеч ким хоҳламайди, албатта. Шундай пайтларда бечора онам “Кел, болам, менда синаб кўрақол” деб ҳаммамизга “тажриба қуёни” бўлиб берардилар. Ҳали тажрибамиз камлиги учун кўпинча томирларига туша олмай онамни қийнаб қўярдик. Бундай вазиятлар ҳаммамизда ҳам содир бўларди. Лекин онам бирор марта жеркимасдилар, оғринмасдилар. “Зарари йўқ, ойқизим, эндиги сафар яхшироқ қиласан” деб қўярдилар холос.

Онамнинг сайъ-ҳаракатлари билан барчамиз моҳир ҳамширалар бўлиб етишдик. Онамнинг дуолари шарофати билан қўлимиз енгил бўлиб кетдими, ҳар қалай, қабулимизда беморлар навбатга турадиган даражага етдик. Онамнинг сабру саботлари, матонатлари, иршодлари бизнинг жамиятга керакли инсонлар бўлиб улғайишимизга сабаб бўлди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1174 times

Мақолалар

Top