Мақолалар

Асалари ва пашша

Ҳашаротлар ичида пашша асосан ахлат ва ифлос бўлган нарсаларга қўнади. Асалари эса гулларга, дарахт чангларига ва бошқа хушбўй ҳидли нарсаларга қўниб шира йиғади. Баъзи оталар пашша каби фарзандларининг фақат айбу нуқсонларини, хато-камчиликларини кўрадилар. Уларни ҳадеб койийверадилар. Энг ёмони уларни ўз тенгдошлари ва ака-ука, опа-сингиллари билан солтиштириб камситадилар. Натижада бола тушкунликка тушиб қолади ва узоқ вақт давомида бу кайфиятдан қутула олмайди. Бориб-бориб ўзида фақат ёмонликни кўрадиган бўлиб вояга етади. Аксар ҳолатларда бундай болалар жамиятга керакли инсонлар эмас, балки, жамиятга катта хавф соладиган, қабиҳ жиноятларни содир этадиган жиноятчилар бўлиб ўсишади.

Хайриятки, жамиятимизда “пашша” оталарга қараганда “асалари” оталар кўпроқ. Бундай оталар фарзандларидаги кўзга кўринмас даражаги мақтовга сазовор жиҳатларни ҳам топиб, бу хислатларини моҳир ва тажрибали боғбон каби ривожлантиришади. Фарзандларидаги хатоларни тўғри тушунтириб, фазилатларини эса худди ҳеч қайси болада йўқ фазилатни мақтаётгандек ҳис-ҳаяжон билан эътироф этишади. Натижа ҳам шунга яраша кўзни қувонтирадиган бўлади. Чунки бола, айниқса, ўғил бола отасини ҳаётдаги энг мукаммал инсон деб билади. Унинг хаёлида қаҳрамон сиймосида отасидан бошқа одам гавдаланмайди. Энди ўзининг ҳаётдаги илк кумеридан, қаҳрамонидан мақтов эшитган боланинг кўнглидан нималар ўтишини тасаввур қилаверинг! Тажрибалар шуни кўрсатадики, одатда отасидан кўп мақтов эшитадиган болалаларда йўқ қобилиятлар ҳам шаклланиб, ривожланиб кетади. Лекин аксар ҳолларда биз “Болаларни кўп мақташ уларни эрка, тантиқ ва ялқов қилиб қўяди” деган мантиққа суяниб иш кўрамиз. Ҳамма нарсада бўлгани каби мақтовда ҳам меъёр бўлса, бу нарса тарбияда жуда яхши самара беради. Келинг, бу мавзуга ҳаётий мисоллар орқали назар соламиз.

Биринчи ҳикоя

Марҳум отам ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Уларнинг болалиги уруш йилларига тўғри келгани учун ҳам ёшликлари дарбадарликда ўтган. Қоринларини тўйғазишга имкон бўлмаган пайтларда ўқиш-ёзишни ўйлаш қаёқда дейсиз. Лекин шунга қарамай илмни ва илм аҳлини яхши кўрадиган, уларнинг илмини қадрлайдиган киши эдилар. Бизни ҳам таълим олишга илҳомлантирган, доим қизиқтириб ундаб турган турткимиз дадам бўладилар.

Дарс тайёрлаб ўтирган пайтимиз хонамизга кириб ҳаммамизнинг тепамизда алоҳид-алоҳида туриб кузатардилар. Дафталаримизни олиб, ёзишни билмасалар ҳам “Ўғлим, сенинг хатинг чиройли экан”, “Қизим, чизган расминг бунча гўзал”, деб ғайратимизга ғайрат қўшардилар. Дадамнинг мақтовлари бизга шунчалик ёқардики, ишдан келиб хонамизга киргунларича дарсларимизни қилиб бўлган бўлсак-да дадамнинг мақтовларини эшитиш учун хонамизга кирадиган пайтларида дарс қилишга ўтириб олардик. Дадам мақтаган жиҳатларимизни янада ривожлантиришга ҳаракат қилардик. Кимдир хатини янада чиройли қилишга ҳаракат қилса, қимдир чизган суратлари бўёқларини янада хилма-хил қилишга уринарди. Яна кимдир кеча ўқиганидан 5-6 бет бўлса ҳам кўпроқ китоб ўқишга ҳаркат қиларди. Бундан ташқари отам бирортамизни бир сифат билан мақтаб бошқаларни айни ўша сифат билан мақтамасалар, қолганлар ҳам ўша мақтовга сазовор бўлиш учун ўша иқтидорни ўзида пайдо қилишга ҳаракат қиларди. Бу эса орамизда ўзига яраша ажойиб бир табиий мусобақанинг пайдо бўлишига замин яратар эди.

Иккинчи ҳикоя      

Онам мени доим тергардилар. Қўшнилар ёки қариндошлар олдида мен ҳақимда гап кетса, “Бу жуда қулоқсиз бола бўлди” деб ёмонлашга тушиб кетардилар. Фақат камчилигимни кўрардилар. Атайин фазилатларимни кўрсатишга ҳаракат қилсам ҳам, “Нечук бугун ундай, нечук бугун бундай” деб шаштимни ҳам тушириб юборардилар. Охир-оқибатда мен шунчалар умидсизликка тушиб қолдимки, дунёда энг ёмон одам мен бўлсам керак, мендан бирор фойдали инсон чиқмаса керак, шундай бўладиган бўлса, яшаб нима қиламан деган фикрларга ҳам бориб қолдим. Агар Жума марузаларида ўзини –ўзи ўлдириш гуноҳи кабира эканлигини эшитмаганимда ким билсин балки ҳозир тирик бўлмасмидим...

Фузола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтадилар: “Уч нарса кишининг белини синдиради: яхшилик қилсанг ҳам миннатдор бўлмайдиган имом (бошлиқ), яхшилигингни беркитадиган, ёмонлигингни тарқатадиган қўшни ва ёнида бўлганингда азият берадиган, йўқлигингда хиёнат қиладиган аёл”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1202 times

Мақолалар

Top