Мақолалар

Кўприк

Олийгоҳлардан бирида таълим оладиган бир қизнинг онаси ҳикоя қилади:

Қизим ўзи яхши кўрган соҳадаги университетда таълим олади. Университет бўйича энг аълочи ва фаол талабалар сафида. Аммо шунга қарамай, охирги пайтлар жуда ўзгариб қолди. Ўқишдан келди дегунча тўғри хонасига кириб кетади. Хонасини ичкаридан қулфлаб олиб соатлаб ўтиради. Бошида дарс тайёрлаётгандир, ҳа эшикни қулфлаган бўлса, ҳеч ким халақит бермаслиги учундир-да деб ўйладим. Аммо кечки овқат пайтида йиғидан кўзлари қизариб шишиб кетган кўйи чиқиб келадиган бўлди. Нима гаплигини сўрасам айтмайди. Қизимнинг ичидан нималар ўтаётганини ҳеч англолмадим.

Аҳён-аҳёнда бирга дарс тайёрлагани келиб турадиган дугонаси бор эди. Ўша дугонасининг телефон рақамини топиб боғландим. Дугонаси бошида гапни роса уёқдан-буёққа олиб қочиб сир бой бергиси келмади. Мен ҳам айтмаганига қўймаганимдан кейин охири ёрилди. Айтишича, қизим ўз гуруҳларида бирга ўқийдиган олди йигитларнинг бири билан бир-бирини яхши кўришган экан. Уларнинг севги қиссаларидан бутун университет талабалари, ҳатто ўқитувчилар ҳам хабардор эмиш. Лекин икки ҳафта аввал ўша йигит бошқа қизга уйланибди. Қизим шўрлик шунга ич этини еб юрган экан.

Кечки овқатни қилиб бўлгач, хонасига кириб кетаётган қизимни белимни уқалаб қўйиш баҳонасида ушлаб қолдим. Кейин қизимга бўлиб ўтган ҳамма ишдан хабардор эканимни билдирдим. Қизимнинг кўзига ёш қуйилиб келди. Қани энди юпатолсам... “Нега шу нарсани менга вақтлироқ айтмадинг, қизим, ахир мен ҳам сендек ёш бўлганман, айтганингда сени эшитардим, ахир одам тафтини одам олади-ку” деб койиган бўлдим. Лекин қизимдан эшитган жавобим бошимга урилган калтакдек бўлди. Қизим: “Мактаб давримда олдингизга кўп келардим. Кейинроқ коллежда ўқиганимда ҳам сиз билан дилдан суҳбатлашишга роса уринардим. Нуқул “чарчадим”, “эртага гаплашсак бўлмайдими” дердингиз. Ўша пайтларда қаерда эдингиз, она?” деди ва йиғлаб хонасига кириб кетди. Мен нима дейишимни ҳам, нима қилишимни ҳам билмасдим. Қизимнинг жавобидан ёлғондакам уқалаттираётган белимга чиндан оғриқ тургандек бўлди. Чунки қизим тўғри гапирганди. Анча вақтгача эслашга ҳаракат қилдим-у лекин қизим билан қачон дилдан, дугоналар каби дардлашаганимизни эслолмадим. Иш дебман, рўзғор дебман, қариндош-уруғ, борди-келди дебман-у, қизим билан орамиз узоқлашаётганини, орамиздаги она-бола кўприги қулаётганини сезмай қолибман. Агар бу нарсани барвақтроқ ҳис қилганимда, қизимнинг ички кечинмаларидан олдинроқ хабардор бўлганимда унга тўғри маслаҳатлар берармидим, у бечора ҳам бекорга шунча ғам чекиб ўтирмасмиди, эҳ афсус, ғафлатда қолибман...

Қанча ўтирганимни билмайман. Узоқ ўйладим. Ҳали ҳам кеч эмас. Энди шу кўприкни қайта тиклашим шарт. Бу менинг оналик бурчим.

Эртаси кундан бошлаб ҳар куни кечки овқатдан сўнг қизим билан суҳбатлашадиган бўлдик. Бошида ичидаги ҳамма нарсани ҳам айтмасди. Лекин орадан бир неча ой ўтгач, қизим ичидаги борини менга тўкиб сочадиган бўлди. Ҳалиги йигит билан боғлиқ хотиралари ҳам унутилиб кетди. Қизим яна аввалги қувноқ ва фаол ҳолига қайтди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1348 times

Мақолалар

Top