Мақолалар

Имтиҳонни байрамга айлантиринг

Имтиҳон кунлари кўп болаларда бир хил ҳолат кузатилади: ўйчанлик, хавотир, ҳаяжон, сиқилиш, безовталик ва шу каби кишига тинчлик бермайдиган ички ғалаёнлар. Бу ҳолат фақат болаларда эмас, катталарда ҳам худди шундай. Бу табиий, албатта. Баъзида имтиҳон олди ҳаяжоннинг зўридан ич кетиш, иштаҳанинг йўқолиши ёки тирноқ чайнаш одатлари ҳам кузатилади. Катталар иродалари мустаҳкам бўлгани учун бу ҳолатда узоқ қолишмайди, ўзларини тезда ўнглаб олишади. Лекин болалар ҳали ёш бўлганлари сабабли бу имтиҳонлар, бу ҳаяжонлар ҳамма-ҳаммаси ўткинчи эканини билишмайди. Худди шу имтиҳон билан ҳаёт тугаб қоладигандай қўрқишади, хавотирланишади. Ачинарлиси, болалар шундай пайтларда уйқусизлик, жиззакилик, ҳуснбузарлар тошиши каби бир қанча касалликлар орттириб олишади.

Фарзандларимиз имтихонга тайёргарлик кўрганда учта қўрқувни бошларидан ўтказадилар:

  1. Имтихон қўрқуви. Яъни имтиҳонда ўзлари кутган натижани қайд эта олмай имтиҳондан йиқилиш қўрқуви.
  2. Ота-оналар қўрқуви. Имтиҳондан ўта олмасалар, ота-оналари, кўпроқ оталаридан эшитадиган дашномларининг қўрқуви.
  3. Шериклар қўрқуви. Яъни бирга имтиҳон топшираётган синфдошлари улардан ўтиб кетиб улар истаган ўринни эгаллаб қўйишларидан қўрқиш.

Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шунча ваҳима орасида қолган фарзандларимизга имтиҳон олди қандай ёрдам беришимиз мумкин? Нима қилсак, кўзимизнинг оқу қораси бўлган болажонларимиз имтиҳонни ваҳимали, даҳшатли кун деб эмас, балки, хурсандчилик ва вақтичоғлик қиладиган байрам куни ўлароқ қабул қилишади?

Оталардан бири айтади: "Мен имтихон кунларини фарзандларимнинг ҳаётидаги энг бахтиёр кунларга айлантиришга астойдил ҳаракат қиламан. Имтиҳон кунлари бошқа кунларга нисбатан икки баробар кўп ҳаражат қиламиз. Чунки имтиҳондан олдинги кун тансиқ таомлар, ширинликлар пиширамиз. Болаларимизни айлантиргани боғларга олиб борамиз. Бу уларнинг миясига дам беради. Фикрларида тўзғиган ҳаяжон чанг-тўзони босилишига ёрдам беради. Уларга ёшларига мос ўйинчоқлар олиб берамиз. Болаларни имкон қадар хурсанд қилиб уларнинг хаёлидан “Эртага имтиҳон!” деган қўрқувни чиқариб юборишга интиламиз.

Уйда ҳам бир-биримизга қаттиқ гапириш, бақириш, қўрс-қўпол гаплардан тийиламиз. Чунки бу нарсалар ўзи шундоқ ҳам тушкунлик кайфиятида турган болани баттар чўктиради.

Қилган ҳаракатларимиз албатта самара беради. Болаларимизда юқорида зикр қилинган имтиҳон олди қўрқуви олиб келадиган салбий ҳолатларнинг бирортаси кузатилмайди. Улар ўзларини хотиржам сезишади. Имтиҳонга хотиржам кирган боланинг натижалари ҳам Аллоҳнинг изни ила аъло бўлади. Имтиҳонни байрамга айтлантиришга шу қадар ўрганиб қолганмизки, имтиҳон кунлари ўтиб кетгач, болаларим қачон имтиҳон келаркин деб орзиқиб кутишади. Бошқа кўплаб синфдошлари эса болаларимизни кўриб, уларнинг имтиҳонга ошуфта қалбларини кўриб ҳайрон қолишади. Мен бошқа ота-оналар ҳам имтиҳонни байрамга айлантириб фарзандларини имтиҳон “даҳшат”ларидан халос этишларини истардим".

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1186 times

Мақолалар

Top