Мақолалар

Агар Жаннатда мени топмасангиз...

Шайх Ибн Жавзий (510-597)

Имом, аллома, ҳофиз, воиз, муфассир Абул Фараж Абдураҳмон ибн Али Жавзий раҳматуллоҳи алайҳининг насаби Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.

Восит шаҳри бўйича фақат бобосининг ҳовлисида ёнғоқ дарахти бўлгани учун “Жавзий” (ёнғоқли) лақаби билан танилган.

Тахминан ҳижрий 508-510 йилда Бағдодда дунёга келган. Ибн Жавзий уч ёшлигида отаси оламдан вафот этади ва онаси қармоғида қолади.

Ёшлигидан илм олишни бошлаб, ҳофиз Муҳаммад ибн Носир ҳузурида Қуръони каримни тўлалигича ёд олади. Кейинчалик Абул Қосим Ҳиравийдан воизлик санъатини ўрганади. Шундан сўнг, фақиҳ Ибн Зоғунийга шогирд тушиб, ундан турли фанлар, айниқса, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, сарф, балоғат, тарих, воизлик ва бошқа соҳаларда таълим олди.

Шунингдек, Ибн Жавзий усулул фиқҳ, илми хилоф, илми жадал, ҳисоб ва тиб илмларини Абу Бакр Дайнурий ва қози Абу Яъло каби жами тўқсонга яқин ўз даврининг етук олимларидан ўрганди. У болалик даврларини тенгдошлари каби ёш болаларга хос ўйинлар билан эмас, балки илм талабига шўнғиган ҳолда ўтказди. Бу ҳақда: “Мен бирор марта ёш болалар билан ўйнаганимни, баланд овозда кулганимни эслай олмайман”, деб хотиралаган эди.

Ибн Жавзийнинг бошқалардан ажралиб турадиган кўплаб хусусият, фазилатлари бўлиб, илмга ўта муҳаббат ва уни талаб қилишга жўшқин шижоат, ўткир ҳифз, мислсиз заковат, ҳаддан ташқари олий ҳиммат ҳамда камдан-кам инсонларгина эриша оладиган зуҳду тақво у кишини ўз асрининг етук олими бўлиб етишига омил бўлган.

Ибн Жавзий олти ёшларида ҳадис эшитишни, ўн уч ёшларида китоб ёзишни бошлаган. Йигирма беш ёшидан то вафотига қадар инсонларга ваъз-насиҳатлар қилиб, кўпчиликнинг ҳидоят йўлини топишига сабабчи бўлган. Бу ҳақда ўзи: “Ўз қўлларим билан икки минг мужаллад китоб ёздим, қўл остимда юз минг киши гуноҳларига тавба қилди ва йигирма минг киши мусулмон бўлди”, деган.

Ибн Жавзий шаръий ва ижтимоий фанларнинг деярли барчасида китоблар тасниф қилган. “Ал-вафий бил вафаёт” китобида ёзилишича, олимнинг ёзиб қолдирган рисолалари жамланиб, яшаб ўтган умрига тақсимланганида ҳар кунига тўққизта рисоладан тўғри келган экан. Улар қуйидагилар: “Ал-муғний” (Қуръони каримнинг катта ҳажмдаги тафсири бўлиб, уни Ибн Жавзийнинг ўзи тўрт жузга қисқартириб “Зодул масир” деб номлаган); “Сойдул хотир” (3 жуз); “Талбису иблис”; “Жомеъул масонид” (7 жуз); “Ал-муғний фи улумил Қуръон”; “Тазкиратул ариб фи тафсирил ғариб”; “Софватус софва” (4 жуз); “Ал-манфаъа фил мазоҳибил арбаъа” (2 жуз); “Ал-мавзуъот” (2 жуз); “Ал-ваҳият” (3 жуз); “Ал-мунтазам фи тарихил мулуки вал умам”; “Ад-далоил фи машҳурил масоил” (2 жуз); “Ан-носих вал мансух”; “Ал-вужуҳ ван назоир”; “Фунунул афнон”; “Манофиъут тиб”; “Минҳожул қосидин” (2 жуз); “Ийқозул васнан би аҳволин наботи вал ҳаявон”; “Заммул ҳаво” ва ҳоказо.

Айниқса, Ибн Жавзийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишлаб ёзган икки жузли “Ал-вафо би таърифи фазоилил Мустафо” номли асари сийрат китоблари ичида ўзига хос қадр-қийматга эга. Унда муаллиф асосан Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари ва шамоиллари билан бирга, мавзуга алоқадор барча тарихий маълумотларни ҳам келтирган.

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи вафотларидан бир неча кун аввал оғир касал бўлиб, ҳижрий 597 йил 13 рамазон жума кечаси Бағдодда вафот этади ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг қабрларига яқин ерга дафн қилинади.

Айтилишича, Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг қўлида йигирма мингдан ортиқ яҳудий ва насронийлар Ислом динига кирган. У киши сабабли юз минг киши тавба қилган. Икки мингдан ортиқ асар тасниф этганлар. Ана шундай улуғ олим шогирдларига: «Агар Жаннатга кирганингизда, орангизда мени топмасангиз, “Аллоҳим, фалон банданг бизга Сени эслатиб турарди” деб мен ҳақимда сўранглар» деб, йиғлаб юборган.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

Read 1030 times

Мақолалар

Top